Мамлакатимизнинг Австрия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТE) бош директори Рафаэл Гроссига ўзининг МАГАТE ҳузуридаги Доимий вакил сифатидаги ишонч ёрлиғини топширди.
Маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Рафаэл Гросси Ўзбекистон энергетикаси соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан мамлакатда атом энергетикасини яратиш қароридан яхши хабардор эканини билдирди.
Ўзбекистоннинг ядровий инфратузилмасини комплекс баҳолаш бўйича бўлажак миссияга тайёргарлик кўриш борасидаги муваффақиятли ҳамкорликни таъкидлаган ҳолда МАГАТE бош директори Ўзбекистонда АЭС қурилиши жараёнидаги фаолиятни тўлиқ қўллаб-қувватлаш борасида кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Рафаэл Гросси Ўзбекистонда биноларнинг ядровий ва радиацион хавфсизлиги соҳасида кўп иш қилингани, соғлиқни сақлаш жабҳасидаги алоқаларда улкан ютуқлар қўлга киритилгани ҳамда ядро фани ва технологияларини қўллаш, айниқса республика қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш соҳасида янада кенгроқ ҳамкорлик қилиш имконияти мавжудлигига эътибор қаратди.
Пандемия муносабати билан қолдирилган қўшма тадбирлар, албатта, ўтказилишига ўзаро ишонч билдирилди.
МАГАТE Ўзбекистонни СОVID-19 тарқалишига қарши курашда қўллаб-қувватлагини, хусусан, фақат шу йилнинг ўзида учта тиббиёт муассасасига умумий қиймати 405 минг еврога тенг бўлган коронавирусни аниқлашда ишлатиладиган тест-тизимлари тўпламини беминнат тақдим қилгани таъкидланди. Техник ҳамкорлик доирасида Тошкент эндокринология институтига кўп функцияли диагностика гамма-камераси топширилди, Наманган онкология марказига нур терапияси учун замонавий аппарат ва Самарқанд давлат университети ўқув лабораторияларига асбоб-ускуналар етказиб беришга қарор қилинди. Ушбу жиҳозларнинг нархи қарийб 1 миллион еврони ташкил этади.
Манба: ЎзА