Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2020-10-06 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида видеоконференция шаклида АҚШ, Европа Иттифоқи ва ХХР билан икки томонлама ҳамкорлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ХХР, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларидаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.
АҚШ билан ҳамкорликни ривожлантириш доирасида икки томонлама шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, жумладан, ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик бўйича ҳукуматлараро битимларни имзолаш масалалари ҳамда АҚШнинг етакчи компанияларини Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилиш механизмлари кўриб чиқилди. Шунингдек, яқин вақт ичида Америка - Ўзбекистон савдо палатаси бизнес-форумининг навбатдаги йиғилишини ҳамда АҚШ ишбилармон доиралар вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишнинг шарт-шароитлари муҳокама қилинди.
Европа Иттифоқи билан ўзаро ҳамкорлик қилиш йўналишида Ўзбекистон томонидан “ПБТ+” бенефициар мамлакат мақомини олиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди ҳамда бу жараённи тезлаштириш бўйича амалий меҳанизмлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) тузиш бўйича музокаралар якунланишини тезлаштириш ва миллий қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.
ХХРда устувор тармоқлардаги аниқ инвестициявий таклифларининг тақдимотлари намойиш этилишини ўз ичига олган бизнес-форумлар ташкил этиш орқали Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга хитойлик инвесторларни жалб этиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйишни назарда тутган ҳолда ХХР билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йилнинг 5-10 ноябрь кунлари Шанхай шаҳрида бўлиб ўтадиган импорт товарларнинг Учинчи Халқаро кўргазмасида ўзбек экспортчилари делегациясининг режалаштирилган иштироки доирасида янги савдо келишувлари устида ишлаш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Учрашув натижасида қўйилган вазифаларнинг сўзсиз ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг масъул раҳбарлари ва вакилларига аниқ кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги