Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризм соҳаси камбағалликни қисқартиришга кўмак беради: Ўзбекистонда аёллар бандлиги ва гендер тенглик масалалари
2020-10-06 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш институти хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда “Туризм соҳаси камбағалликни қисқартиришга кўмак беради: Ўзбекистонда аёллар бандлиги ва гендер тенглик масалалари” ҳукуматлараро илмий-тадқиқот лойиҳасини йўлга қўйишни бошлади.
Лойиҳа хитойлик ҳамкорлар томонидан, Чунцин халқаро ҳамкорлик ўқув маркази (СTCIC) қўллаб-қувватлаши остида, “Ақлли шаҳар” ва “Янги сонаот” денгиз ва контенентал Ипак йўли шаҳарлари альянси қўмитаси (MCSR-SNC) (Хитой) билан ҳамкорликда ажратилган грантлар асосида молиялаштирилади. Янги лойиҳа Ўзбекистондаги камбағаллик даражаси, гендер тенгсизлик ва туризм соҳасидаги бандлик муаммоларининг реал ечимларни топишга йўналтирилган.
Ушбу лойиҳада Хитойнинг етакчи экспертлари, шунингдек Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ҳамда туризм соҳаси мутахассислари иштирок этади. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон туризми сиёсатини шакллантириш ва баҳолаш мавзулари бўйича қиёсий таҳлил, тематик ва хулосаларга асосланган ҳисоботлар, маълумотномалар тайёрлаш имконини берувчи тадқиқот ўтказилади. Бундан ташқари, лойиҳа иштирокчилари бошқарув соҳасидаги тажриба билан ўртоқлашиш имконини беради. Аёлларни иш билан таъминлаш ва гендер тенглиги муаммоларининг ҳал қилиниши туризм соҳасидаги бизнеснинг ривожланиши натижасида мамлакатнинг иқтисодий ўсишига туртки беради.
Лойиҳа доирасида Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш тажрибасини қўллаган ҳолда, қишлоқ аёлларини нафақат туризм соҳаси ходими, балки тадбиркор сифатида ҳам жалб қилиш имконини берувчи таълим ва маърифий семинарлар ҳамда курслар ўтказилиши кўзда тутилган. 2020 йилнинг 28 сентябрь куни лойиҳанинг бошланишига бағишланган онлайн очилиш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳани амалга оширилиши билан боғлиқ ишларнинг асосий босқичлари белгилаб олинди: йўл харитасини яратиш, уни амалга ошириш, сўнгра хулосалар бериш ва монография шаклидаги тавсияларни ишлаб чиқиш.
Лойиҳада Хитойнинг етакчи экспертлари иштирок этади: жаноб Ли Цзи –Сарой музейининг собиқ вице-президенти, Пекин Тақиқланган шаҳар маданий меросини сақлаш жамғармаси раиси, профессор Чан Чангфа – Хитой меросини сақлаш фонди раисининг ўринбосари, профессор Ван Кунсин – Бутунжаҳон туризм альянси бош котиби ўринбосари, профессор Сун Хуа – Академик қўмита директори, Пекин университети Археология ва музеология мактабининг Тадқиқотлар ва маданий меросни муҳофаза қилиш маркази директори, жаноб Ву Жианбо – Ипак йўли денгиз ва континентал шаҳарлар альянси – “Ақлли шаҳар ва янги саноат” қўмитаси директори (MCSR-SNC), жаноб Нурмат Тенизбаев – MCSR-SNC лойиҳаси раҳбари, жаноб Карлос Родригес – MCSR-SNC лойиҳаси раҳбари, Чан Тайяо хоним – MCSR-SNC лойиҳаси раҳбари. Таъкидлаш жоизки, туризм COVID-19 пандемияси натижасида энг кўп зарар кўрган соҳалардан биридир. Бу ҳақда БМТ раҳбари Антонио Гутерриш махсус мурожаатида маълум қилди. Гутерришнинг сўзларига кўра, туризм тараққиётнинг муҳим омили бўлиб қолмоқда: бутун дунёдаги миллионлаб одамлар учун бу ҳаётнинг ягона манбаи ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги