Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳарбий ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
2020-10-06 | Хавфсизлик соҳаси
ДЕҲЛИ, 6 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар доирасида мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Ҳиндистон мудофаа вазирининг ўринбосари Ажай Кумар билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ажай Кумар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ўзаро дўстона ва яқин муносабатлар асосида янада ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Деҳли ўзининг яқин дўсти – Тошкент билан кенг қамровли алоқаларни чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини қайд этди.
Вазир ўринбосари мамлакатлар ўртасидаги мулоқотнинг кўплаб соҳаларида сезиларли ютуқларга эришилгани ва шерикликнинг янги босқичга кўтарилганига алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда мамлакатлар Мудофаа вазирликлари ўртасида ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш ва истиқболли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш борасида кўплаб имкониятлар мавжудлиги қайд этилди ва қатор масалалар юзасидан келишувларга эришилди.
Суҳбат давомида Ҳиндистон томонига жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги