Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат активларини бошқариш агентлиги “bne IntelliNews” бизнес медиа компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда
2020-10-05 | Иқтисодиёт
Агентлик Германиянинг “bne IntelliNews” бизнес медиа компанияси билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатади. Бу ҳақда бўдиб ўтган видео конференцияда сўз борди.
Вебинар аввалида, Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолияти, амалдаги хусусийлаштириш дастурлари доирасида давлат корхоналарига хорижий инвесторларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар тўғрисида маълумот берилди.
BNE IntelliNews компаниясининг асосий мақсади Шарқий Европа, Марказий Осиё, Африка ва Яқин Шарқдаги бизнес ҳамда ривожланаётган бозор маълумотлари ва янгиликларни нашр этиш.
Ўз ўрнида, Агентлик томонидан давлат иштирокини камайтириш, замонавий корпоратив бошқарувни тадбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани, давлат иштирокидаги корхоналарни самарали бошқариш, хусусийлаштириш борасида талайгина ишлар қилиниши натижасида мамлакатимизда ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани алоҳида таъкидланди.
Келгусида, компания вакиллари Агентлик томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда хусусийлаштириш жараёнлари юзасидан хорижий инвесторларни жалб қилиш, бунда давра суҳбатлари ва интервьюлар ташкил этиш орқали ишончли маълумотларни халқаро оммавий воситаларида ёритишга кўмаклашиши билдирилди.
Вебинар сўнгида, томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда навбатдаги режалари муҳокама этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги