Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент давлат стоматология институти ва Норвич университети ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди
2020-10-04 | Фан
ТОШКЕНТ, 4 октябрь. /“Дунё” АА/. Пандемия шароитида тиббиёт соҳасида халқаро музокаралар ўтказиш ва соҳага оид тажриба ва фикрларни муҳокама қилишда шифокорларнинг хорижий тилларни пухта билиши янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Тошкент давлат стоматология институти таълим жараёнларини дунё стандартлари даражасига олиб чиқиш учун хорижий мамлакатларнинг ривожланган олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасини кенгайтирмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири ЎзАга таяниб.
– Тиббиётда инглиз тилини ўқитиш ва ўрганиш ўзига хослиги билан ажралиб туради, – дейди институт ректори Нодир Ҳайдаров. – Жаҳон тиббиёт ҳамжамиятида қабул қилинган атамаларни мукаммал ўзлаштириш, интеграциялашув жараёни педагог ва талабадан қўшимча билим ва меҳнат талаб этади.
Чет тилини мукаммал ўргатиш учун институт педагоглари салоҳиятини жаҳон стандартлари даражасига кўтариш, дарс жараёнига инновацион таълим технологияларини кенг жалб этиш, талабаларнинг инглиз тилини ўзлаштириш даражасини ошириш зарур. Ушбу мақсадда Тошкент давлат стоматология институти инглиз тилини ўқитиш соҳасида Буюк Британиянинг Норвич университети билан ҳамкорлик меморандуми имзолади.
Шу муносабат билан онлайн ташкил этилган тадбирда Норвич университети ректори, профессор Том Кидл Ўзбекистонда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар эътиборга сазоворлигини, уларни амалга оширишда барча вазирлик ва ташкилотлар ҳамжиҳатликда иш олиб бораётганини, шунингдек, Тошкент давлат стоматология институти раҳбарияти бу жараёнларда фаол иштирок этиб, педагоглар салоҳиятини ошириш орқали талабаларга билим бериш жараёнини такомиллаштираётганини эътироф этди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги