Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Туркия имтиёзли савдо муносабатларига ўтади
2020-10-04 | Иқтисодиёт
АНҚАРА, 4 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси инвестиция ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Л.Қудратов жума куни Туркия Республикаси савдо вазирининг ўринбосари Г.Батур билан видеоконференцалоқа шаклида музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Онлайн-мулоқотда икки мамлакат ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги шартномани имзолаш шартлари бўйича олтинчи эксперт музокаралари натижалари кўриб чиқилди.
Томонлар товарларнинг қисқа рўйхатини шакллантиришни муддатидан олдин якунига етказишга алоҳида эътибор қаратди. Мазкур маҳсулотларга нисбатан ўзаро асосда бозорга киришнинг имтиёзли шартлари тақдим этилади.
Иқтисодиётнинг сезгир тармоқлари, бизнес манфаатларини ҳисобга олган ҳолда танланган товар турларига тенглик асосида имтиёзлар қўллаш келишиб олинди. Хусусан ўзаро савдода тариф квотасини қўллаш, товарларни божхона тўловларидан тўла ва қисман озод қилиш назарда тутилмоқда.
Учрашувда танланган товарларга имтиёзлар бериш шартлари бўйича музокараларни шу йил охиригача якунига етказиш, шунингдек, 2021 йил бошида Шартномани имзолашга келишиб олинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги