Чинакам юксалиш ҳамда муносиб турмуш фаровонлигига эришишни мақсад қилган давлат борки, энг аввало, таълим тизимини ислоҳ қилиш, илм-фан соҳасини ривожлантириш, униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг янгиликка интилиши, ташаббускорлигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратади.
Боиси юртнинг буюк келажаги, унинг иқтисодий қудрати, ижтимоий-маънавий ҳаёт даражасининг юксалишини сифатли таълимсиз, етук ва малакали кадрларсиз асло тасаввур этиб бўлмайди.
Шу нуқтаи назардан, сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам ижобий ўзгаришлар, изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида мазкур соҳани тубдан такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, етук ва малакали кадрлар тайёрлаш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу борада дадил қадамлар ташланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтган қисқа вақт ичида соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим тизимида бошқарувнинг бутунлай янгича услуби амалиётга татбиқ этилди, мактаб таълимида 11 йиллик тизимга ўтилди, педагоглар, устоз ва мураббийларнинг обрў-эътибори, нуфузи ошиб, жамиятда ўқитувчилик касбининг мақоми янада юксалди.
Нодавлат таълим хизмати кўрсатиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим тизими қайта кўриб чиқилди, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чоралари янада кучайтирилди. Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш катта ижтимоий ҳодиса — давлат сиёсатининг энг асосий ва муҳим йўналишига айланди.
Бу ҳаётий ҳақиқатни Давлатимиз раҳбарининг “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги нутқини тинглаган мамлакатимиздаги ҳар бир педагог, устоз ва мураббий, қўйинки, ўзини шу юрт эртаси, унинг келажаги ва тараққиётига дахлдор деб билган барча ватандошимиз янада теранроқ англади, десак муболаға бўлмайди.
Президентимиз ўз нутқи давомида таълим тизимидаги бир қатор муҳим жиҳатлар қатори жорий йилдан бошлаб юртимиздаги маълум тоифага мансуб 940 нафар хотин-қизларнинг давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига қабул қилингани келажакда уларнинг жамият учун муносиб касб эгалари бўлиб камол топишига пухта замин яратишини таъкидлаб ўтди.
Ҳеч кимга сир эмас, яқин-яқинга қадар мактаб ўқитувчиларининг таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, ўз касбига тегишли бўлмаган турли йиғилишларга жалб қилиниши одатий ҳолга айланиб қолган эди. Сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида бу жараёнларга бутунлай чек қўйилди, заҳматкаш касб эгаларининг кўп йиллик муаммолари тўла-тўкис бартараф этилди.
Қолаверса, янги тасдиқланган “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, таълим муассасалари ходимларининг ижтимоий ҳимоя кучайтирилиб, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.
Мурожаат давомида юртимизда кечаётган кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганига алоҳида урғу берилиб, миллий таълим тизими пойдеворига фидойиларча ҳисса қўшган, уни шакллантирган маърифатпарвар боболаримизнинг заҳматли меҳнати алоҳида эътироф этилди. Албатта, буюк аждодларимиз томонидан қолдирилган мазкур бебаҳо маданий меросга асосланиб, мамлакатимизда янги Ренессанс пойдеворини яратиш учун барча имкониятлар мавжуд. Ҳамма гап бизнинг улардан оқилона фойдалана олишимизда.
Муҳтарам Президентимиз бу масала бўйича ўз фикрларини билдирар экан, юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Қоракўл туманида жойлашган таълим масканининг тажрибаси, бу билим даргоҳи эришаётган ютуқларни юртимиз бўйлаб оммалаштиришга алоҳида урғу бериб, ҳар бир туманда энг камида 1 та ана шундай мактаб ташкил этиш, Қоракўл мактаби биз учун замонавий таълим масканининг ҳақиқий андозаси бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Айтиб ўтилганидек, Учинчи Ренессанс масаласи стратегик вазифа сифатида миллий ғоя даражасига кўтарилаётгани, бунинг учун мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасалар бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси эканлиги, боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлилар янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, бу ташаббусни қўллаб-қувватловчи ота-оналар янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўлиши шу Ватанда яшаётган барча юртдошларимиз зиммасига катта масъулият юклайди, албатта.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқи давомида таъкидлаганидек, фарзандларимизнинг "IT" технологияларга қизиқишини янада ошириш ва уларнинг етук мутахассис бўлиб етишиши учун шароит яратиш мақсадида жорий йилда – 14 та, келгуси йилда – 82 та, 2022 йилда – 64 та, 2023 йилда – 45 та ахборот технологиясига ихтисослашган мактаблар ташкил этилиши ҳамда барча туман ва шаҳарлар қамраб олиниши, қолаверса, халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш тизимини йўлга қўйилиши, табиийки, юртимиз таълим тизимини бутунлай янги босқичга олиб чиқади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда мамлакатимиз олий таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимизда сўнгги 4 йилда мамлакатимизда 47 та янги олий ўқув юрти, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий ўқув юртларининг сони 125 тага етди. Қолаверса, давлат-хусусий шериклик тизими асосида нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Бироқ ҳали бу соҳада ҳам қилинадиган ишлар, ҳал этилиши лозим бўлган муаммолар талайгина.
Муҳтарам Президентимиз бу масалага ҳам тўхталиб ўтар экан, аксарият олий ўқув юрти битирувчиларининг билим ва малакаси меҳнат бозори талабларига жавоб бермаётгани, маҳаллий таълим муассасаларида инновацион фаолият ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш даражаси жуда паст эканлиги, тизимда илмий даражали ўқитувчилар улуши ўртача 37 фоиз экани ҳамда олий таълим масканларини илмий лабораториялар билан жиҳозлаш, тизимда ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш даражаси ҳам паст эканини куюнчаклик билан айтиб ўтди. Шу боис, мурожаатда бу борадаги муаммоларни тизимли равишда ҳал этиш, ёшларни илмий ишлар, фойдали лойиҳаларга жалб этиш, илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш, айниқса, “рақамли иқтисодиёт” бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаш ниҳоятда зарур эканлиги айтиб ўтилди.
Шунинг баробарида алоҳида қайд этиб ўтилганидек, охирги йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясини соғлом, тўлақонли фаолиятга қайтариш учун зарур амалий чораларни кўрилди, жамиятимизда илм-фаннинг қадрини кескин ошириш, олимлар ва тадқиқотчилар учун шароит ва имкониятларни кенгайтириш йўлида жиддий амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда илм-фан соҳаларини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилиши бу борадаги ишларни янада олға силжишига туртки бўлиши, шубҳасиз.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг устоз ва мураббийларга йўллаган ушбу мурожаати ота-оналар, ўқитувчилар, шунинг баробарида, барча ватандошларимиз зиммасига катта масъулият юклайди. Шу боис соҳа ривожи йўлида белгиланган мазкур вазифаларни тўлақонли амалга ошириш ўзини шу юрт равнақига дахлдор деб биладиган барча юртдошларимизга катта масъулият юклаши, табиий.
Раҳмат МАМАТОВ,
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири
Манба: ЎзА