Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

2020 йил IV чорагида маҳаллий маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини ошириш бўйича вазифалар белгиланди

2020-10-04 | Иқтисодиёт

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида жорий йилнинг тўртинчи чорагида экспорт ҳажмининг жадал ўсиши учун мавжуд ресурслардан фойдаланиш ва қўшимча захираларни аниқлаш бўйича амалий чораларни кўриш орқали экспорт прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш масалаларига бағишланган селектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари, Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналари, тижорат банклари, шунингдек, вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳар ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари иштирок этишди.

Экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган амалий чоралар таъкидланди - хусусан, Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи корхоналарнинг айланма маблағларини тўлдириш учун ресурслар ажратилди, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан эса экспортчиларга кредит маблағларини олиш учун кафолатлар берилди.

Шунингдек, кўрилган ушбу чора-тадбирларга қарамасдан, бир қатор тармоқ ва ҳудудларда ҳозирги вақтда экспортнинг кутилаётган кўрсаткичларидан орқада қолаётгани кузатилмоқда, шу муносабат билан тегишли вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари ва ижро ҳокимияти органлари раҳбарларига жорий йилнинг 4-чорагида экспорт ҳажмларини 2019 йил кўрсаткичларига нисбатан ошириш вазифаси қўйилди.

Масъул раҳбарларга экспорт қилувчи корхоналарни, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар турини ва ҳажмларини, уни ишлаб чиқариш учун хом ашёга ҳамда айланма маблағларни тўлдириш учун кредит ресурсларига бўлган эҳтиёжни, ечими учун чет элдаги дипломатик ваколатхоналарнинг ёрдами зарур бўлган муаммолар ва бошқа масалаларни аниқ кўрсатган ҳолда биринчи даражали чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш топширилди.

Шу нуқтаи назардан, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида қўшимча қиймат занжирларининг шакллантирилиши ва экспорт салоҳиятини оширишга йўналтирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳам кўриб чиқилди. Экспортга йўналтирилган инвестициявий лойиҳаларга устуворлик бериш зарурлиги қайд этилди, шу муносабат билан 2021-2023 йилларда инвестиция дастурларида юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга йўналтирилган лойиҳалар улушини ошириш топширилди.

Шунингдек, экспорт тузилмасини ўрганиш, ташқи бозорларда энг юқори талабга эга бўлган товар турларини аниқлаш ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Экспортни рағбатлантириш агентлигини жалб қилган ҳолда ушбу турдаги маҳсулотлар экспортини фаол равишда рағбатлантириш ва ошириш бўйича чоралар кўриш мақсадида экспортга йўналтирилган инвестиция лойиҳаларини инвентаризациядан ўтказиш топширилди.

Экспорт қилувчи корхоналарга олдин тўланган қўшимча қиймат солиғи миқдорини қайтаришда ёрдам бериш бўйича манзилли ишларнинг аҳамияти қайд этилди: йил бошидан буён 1300та экспорт қилувчи корхоналарга ҚҚС қайтарилди. Ушбу йўналишда масалаларни аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича тизимли ишларни давом эттириш зарурлиги кўрсатилди, бунинг учун ҳар бир экспорт қилувчи корхонага Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг ҳудудий бошқармалари масъул ходимларини бириктирилишини таъминлаш топширилди.

Йиғилиш якунида қўйилган вазифаларни сўзсиз бажариш мақсадида тегишли вазирликлар, идоралар, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ҳамда чет элдаги дипломатик ваколатхоналарнинг биргаликда ишлаши зарурлиги таъкидланди.

Берилган кўрсатмаларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан доимий равишда амалга оширилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться