ЕХҲТ Доимий кенгашида Халқаро ахборотдан умумий фойдаланиш кунига бағишлаб ўтказилган юқори даражадаги онлайн-конференция якунлари тўғрисида ахборот берилди
2020 йил 1 октябрь куни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Доимий кенгашининг (ЕХҲТ ДК) йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг ЕХҲТдаги Доимий вакили Абат Файзуллаев 2020 йил 28 сентабрда Халқаро ахборотдан умумий фойдаланиш кунига бағишлаб ўтказилган юқори даражадаги онлайн-конференция якунлари тўғрисида нутқ сўзлади.
ЕХҲТ ДК йиғилишида Ташкилотнинг барча 57 аъзо давлатлари ва 11 шерик давлатлари дипломатик ваколатхоналари раҳабарлари ҳамда ЕХҲТ Котибияти вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Доимий вакили ўз нутқида “конференция ишида 40 давлатдан 200 дан ортиқ экспертлар ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, қатор давлатларнинг ҳукумат тузилмалари, дипломатик ва академик доиралар раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди.
БМТ Бош котибининг глобал коммуникациялар бўйича ўринбосари Мелисса Флеминг, ЕХҲТ Бош котиби вазифасини бажарувчи, ЕХҲТнинг Можароларни олдини олиш бўйича маркази директори Туула Юрёля, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, ОАВ эркинлиги масалалари бўйича ЕХҲТ вакили офиси директори Юрген Ҳайссел, ЕХҲТ лойиҳаларининг Ўзбекистондаги Координатори Жон МакГрегор ва БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий координатори Ҳелена Фрейзер конференциянинг асосий маърузачилари бўлди.
Тадбир чоғида қатнашчилар пандемия даврида инсонларнинг ахборотдан эркин фойдаланиш борасидаги фундаментал ҳуқуқлари чекланишига глобал даражада йўл қўймасликнинг муҳимлигига; мазкур ҳуқуқнинг конституциявий ва қонунчилик даражаларида сўзсиз таъминланишининг зарурлигига; ушбу соҳада сиёсий кафолат тизимини жорий қилишнинг юксак аҳамиятига эътибор қаратди.
Сессия муҳокамалари доирасида онлайн-конференция иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида очиқлик ва сўз эркинлигини таъминлаш, давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот олдилар.
Ахборот соҳасида ошкоралик ва либераллаштириш бўйича бошланган ишлар вақтинчалик ўзгаришлар эмас, балки онгли равишда танланган сиёсий йўналиш бўлиб, мамлакатимиз ушбу жараённинг тарафдори ва унга тўлиқ амал қилиши, бу ҳақида давлат раҳбари бир неча бор тўхталиб ўтгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, анжуманда дунёдаги сўз ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги соҳасидаги мавжуд вазият, ушбу йўналишда давлатлар дуч келадиган замонавий чақириқлар ва таҳдидлар ҳамда уларни бартараф этишнинг мумкин бўлган усуллари, сохта янгиликлар ва ёлғон маълумотларнинг тарқалишига қарши курашиш тўғрисида фикр алмашилди”, – деб қайд этди.
Йиғилишдан сўнг Доимий ваколатхонанинг Халқаро ахборотдан умумий фойдаланиш кунига бағишлаб ўтказилган юқори даражадаги онлайн-конференция якунлари тўғрисидаги нутқи ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги