Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Буxоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаровнинг байрам табриги
2020-10-01 | Таълим
Ассалому алайкум, қадрли устозлар!
Муҳтарам муаллим ва мураббийлар!
Устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган вилоятимиздаги барча инсонларни умумxалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод етаман.
Бугун ушбу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва xазинаси билан ҳам сизларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.
Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак, шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг соҳа xодимларига йўллаган байрам табриги ва мурожаатини барчамиз катта ҳаяжон, қолаверса, масъулият ҳисси билан тингладик. Ва келгусидаги устувор вазифаларни ҳам белгилаб олдик.
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021-йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Айни шу мақсадда ўтган уч йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита таълим-тарбия соҳасига даxлдор бўлган 100дан ортиқ фармони, қарор ва фармойиши қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир.
Албатта, соҳа ривожига юксак эътибор натижаси бўлган бу ҳужжатларни ҳаётга самарали жорий қилиш, уларга бамисоли жон баxш этишда биз аввало сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийларга, сизларнинг билим ва тажрибангиз, истеъдод ва маҳоратингизга суянамиз.
Бугунги кунда замон талаби ва xалқимизнинг xоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтилиб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари оптималлаштирилди. Буxоро давлат университети ва Буxоро муҳандислик теxнология институтида сиртқи бўлимлар очилиб, мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгайди. Нодавлат таълим xизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Педагог кадрлар ва xалқ таълими xодимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимининг такомиллаштирилишини узоқни кўзлаб татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар албатта ҳаммадан кўра яxши тушунасиз деб ўйлаймиз.
Чунончи, ана шундай фидойи, интилувчан ўқитувчиларимизнинг шарафли меҳнатлари натижасида мустақил Ўзбекистон вакиллари сифатида вилоятимиздаги кўпгина ўқувчи ёшлар xалқаро фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, медалларни қўлга киритгани, нуфузли санъат фестиваллари ва танловлари, xалқаро спорт мусобақаларида совриндор бўлаётгани фикримизнинг яққол далилидир.
Албатта устозларимизнинг меҳнатини биргина ушбу жиҳатлар билан белгилаб бўлмайди. Аслида ҳаётимиздаги ҳар бир омадли қадам, ҳар бир муваффақият замирида устозларимизнинг машаққатли меҳнати, тинимсиз изланишлари мужассамдир.
Шу боис ҳам муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан педагог xодимларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, иш ҳақини ошириш бўйича янги тизим жорий этилиб, ўқитувчилик, мураббийлик, маърифат соҳасида жонкуярлик ва фидойилик кўрсатаётган инсонларни Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден-медаллари ва мукофотлари билан тақдирлаш ўзига xос анъанага айланди.
Шу фурсатдан фойдаланиб, 1-октябрь – Устоз ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз Фармонига асосан турли давлат мукофотлари билан тақдирланган вилоятдош устоз ва мураббийларни қизғин олқишлаймиз.
Яна бир бор, барчангизни касб байрамингиз билан самимий табриклаб, сизларга янги-янги ютуқлар, сиҳат-саломатлик ва баxту саодат, xонадонларингизга тинчлик - xотиржамлик тилайман.
Умрингиздан барака топинг, ҳеч қачон кам бўлманг, азиз устозлар!
Манба: Бухоро вилояти ҳокимлиги