Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жаҳон банки вакиллари иштирокида "Инсон капитали индекси -2020" тадқиқотида Ўзбекистон натижалари ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди
2020-10-01 | Таълим
Инсон капитали индексига (HCI) мувофиқ, бугунги кунда туғилган болаларнинг деярли 60 фоизи улар тўлиқ маълумотга ва рисоладагидек саломатликка эга бўлган шароитдаги салоҳиятининг нари борса ярмидангина самарали фойдалана олишади холос.
Бу нафақат уларнинг келгусидаги даромадлари ва моддий фаровонлигига, балки мамлакатнинг иқтисодий ўсиши, рақобатбардошлик ва камбағаллик кўламининг умумий қисқаришига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги, Таълим инспекцияси раҳбарияти ҳамда Жаҳон банки вакиллари иштирокида «Инсон капитали индекси -2020» тадқиқотида Ўзбекистон натижалари муҳокамасига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Таълим Инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев, Жаҳон банкининг Ўзбекистон ваколатхонаси янги раҳбари Марко Мантонавелли, Жаҳон банкининг IKI бўйича амалиётлар раҳбари Гарри Патриниос иштирок этишди.
Учрашув давомида «Инсон капитали индекси -2020» тадқиқотида Ўзбекистон натижалари ҳамда уларни янада яхшилаш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов «Инсон капитали индекси» рейтингида Ўзбекистоннинг келгусидаги натижаларини яхшилашда мактабларда таълим сифатини ошириш, халқаро PISA, PIRLS, TIMSS тадқиқотларига тайёргарлик жараёнларини янада кучайтириш, мазкур рейтингларда Ўзбекистоннинг натижаларини босқичма босқич яхшилаб бориш масалаларига алоҳида тўхталди.
Тадбирда Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев «Инсон капитали индекси» рейтинги учун ўтказилган тадқиқотлардаги ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирар экан, истиқболдаги режалар ҳақида ҳам маълумотлар берди.
Жаҳон банки вакили Гарри Патриниос пандемиянинг таълим сифатига салбий таъсири ҳақида фикр билдирар экан, «Инсон капитали индекси -2020» тадқиқотида Ўзбекистоннинг ижобий кўрсаткичларини сақлаб қолиш, уларни янада яхшилаш борасида ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашув давомида Халқ таълими вазирлиги ва Жаҳон банки вакиллари ўзаро ҳамкорлик қилишга, шунингдек, бирламчи қадам сифатида йўл харитаси ишлаб чиқишга келишилди.
Таъкидлаш жоизки, «Инсон капитали индекси – 2020» рейтингида Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзо сифатида эътироф этилиши ҳамда натижалар эълон қилиниши учун мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида ўтказилган баҳолаш жараёни халқаро TIMSS баҳолаш дастурининг математика фани бўйича 4-синфлар учун мўлжалланган синов инструментлари асосида амалга оширилган.
Таҳлилларга кўра, дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларида, ҳатто бола беш ёшгача нобуд бўлиш хавфи ҳам мавжуд. Ўзбекистонда болаларнинг беш ёшгача яшаб қолиш эҳтимоли 0,978 ни ташкил этган. Бу рақам Европа ва Марказий Осиёнинг кўрсаткичидан паст, бироқ тенг даромад гуруҳига эга давлатлар билан таққослаганда, бироз юқори ҳисобланади.
Умумтаълим мактабларимизда ўтказилган баҳолаш натижалари 474 бални ташкил этган. Мазкур кўрсаткич Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари кўрсаткичидан 21 балл паст, бироқ Ўзбекистон билан тенг даромад гуруҳидаги ва ўртачадан юқори даромадли мамлакатларнинг ана шу кўрсаткичлари ўртача қийматидан нисбатан юқорилиги кузатилган.
Жаҳон банки таҳлилларга кўра, Ўзбекистоннинг Инсон капитали индекси мамлакат даромад даражаси ва географик жойлашуви билан мутаносиб ва минтақадаги Грузия, Албания ва Молдова каби мамлакатларнинг кўрсаткичи билан тенг даражада.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги