Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Бош вазир кубоги-2020” футбол мусобақаси олдидан матбуот анжумани ўтказилди
2020-09-30 | Спорт
Хабарингиз бор, жорий йил 4-12 октябрь кунлари вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхона ва ташкилотларнинг марказий аппарати ходимлари ўртасида “Бош вазир кубоги-2020” футбол мусобақалари ташкил этилиши режалаштирилган.
Бугун пойтахтимиздаги “Миллий” стадионда ушбу мусобақага бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда мусобақа ташкилотчилари – Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси масъуллари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
- Бу йилги мусобақага қизиқиш ўтган йилгига қараганда анча ошди, - деди матбуот анжуманида сўзга чиққан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Умид Ражабов. – Ўтган йили “Бош вазир кубоги” мусобақасида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда йирик корхона-ташкилотлардан 64та жамоа бош соврин учун кураш олиб боришган бўлса, бу йил мусобақада қатнашиш истагини билдирган жамоалар сони янада ошди. Бир қатор ташкилотлар мусобақа Низомини ўзгартириш, ўйинларни мини-футбол бўйича ўтказиш таклифини ҳам билдиришди. Аммо, кўплаб жамоалар Низомни ўзгартиришга қарши чиқишди ва якунда 71та жамоа мусобақада иштирок этишини тасдиқлади. Умид қиламанки, бу йилги мусобақа ўтган йилгиданда қизиқарлироқ ўтади. Ташкилий қўмита эса пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда мусобақани карантин қоидаларига мувофиқ ўтказиш чораларини кўради.
- “Бош вазир кубоги-2020” мусобақасида жорий йил 71та жамоа қатнашиш истагини билдирди. Айримлар мусобақани гуруҳ босқичи шаклида ташкил этиш таклифини беришди. Лекин 71та жамоа билан бу анча мураккаб бўлиб, мусобақа муддати чўзилиб кетиши мумкин. Биласиз, мусобақа иштирокчилари давлат корхона-ташкилотларида фаолият олиб боришади, қолаверса улар ишидан ажралмаган ҳолда ушбу мусобақада қатнашаётганини ҳам унутмаслик керак. Шуларни инобатга олган ҳолда мусобақани олимпия тизимида ўтказишга қарор қилдик. Ўйинларни эса профессионал ҳакамлар бошқариб боришади, - деб қўшимча қилди Ўзбекистон футбол ассоциацияси бошқарма бошлиғи Бахтиёр Ширинов.
Эслатиб ўтамиз, “Бош вазир кубоги-2020” мусобақаси “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида ташкил этилади. Финал ўйини эса “Миллий” стадионда ўтказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги