Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Москвада “Ўзбек тили изоҳли луғати”нинг тақдимоти ўтказилди
2020-09-29 | Маданият
МОСКВА, 29 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан Москва давлат тилшунослик университетида беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китоби тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда дипломатик миссия масъул ходимлари, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар тиллари ва маданиятлари бўйича ташкилоти дирекцияси раҳбарияти, Москва давлат тилшунослик университети профессорлари, ўқитувчилари ва ўзбек тилини ўрганаётган талабалари иштирок этди.
Учрашувда сўзга чиққанлар томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ҳамда мавқеини оширишга, уни сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўллашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Айниқса, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат тилини ривожлантириш, шу жумладан ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар ижобий самара бераётгани эътироф этилди.
Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда йигирмага яқин хорижий давлатнинг нуфузли олий ўқув юртлари ва кўплаб мактабларида ўзбек тили ўргатилмоқда. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланишлар олиб бораётган чет эллик олим ва тадқиқотчиларнинг сафи йил сайин кенгайиб бораётир. Хусусан, Россияда ҳам Навоий тилига бўлган қизиқиш кундан-кунга ортиб бораётгани қувонарли ҳолдир. Жумладан, Москва давлат тилшунослик университетида Ўзбек тили маркази ва Ўзбек тили дўстлари клуби фаолият юритмоқда. Тилимиз Москва давлат университети Осиё ва Африка мамлакатлари институти, Россия халқлар дўстлиги университети, Москва давлат халқаро муносабатлари институти, Санкт-Петербург давлат университети, Россия фанлар академияси Шарқшунослик институти сингари олий ўқув юртларда ҳам фаол ўрганиб келинмоқда.
Тадбир иштирокчиларининг фикр билдиришича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институтининг бир гуруҳ олимлари томонидан беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тайёрланиб, нашр этилгани ўзбек тилини асраш, бойитиш ва ривожлантиришда қўйилган муҳим қадам бўлди.
Ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган 80 мингдан ортиқ сўз ва сўз бирикмалари, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид терминлар, шевада қўлланадиган сўзлар, тарихий атамаларни ўз ичига олган нашр нафақат Ўзбекистонда, балки ундан ташқарида яшаётган тил жонкуярлари учун ҳам амалиётда фойдаланишга керакли қўлланмага айланишига ишонч билдирилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги