Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Она тилимизнинг жаҳон минбарларидан янграши ҳар биримизга ғурур бахш этди

2020-09-29 | Маданият

2020 йил 23 сентябрь мустақил Ўзбекистон тарихи саҳифаларига зархал ҳарфлар билан битилади. Бу сана ўзбек халқи учун унутилмас кун бўлиб қолиши, табиий. Она тилимизнинг жаҳон минбарларидан янграши ҳар биримизга ғурур бахш этди.

Айнан мана шу кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек халқининг кўп йиллик орзусини ушалтириб, мазкур юксак минбардан туриб, ўзбек тилида нутқ сўзлади. Она тилининг қадр топишини истаган, бу йўлда ҳаракат қилган ва керак бўлса, жонини фидо қилган ота-боболаримиз армони ушалди, деб баралла айтсак бўлаверади.
 
Президентимизнинг жаҳон минбарларида ўзбек тилида қилган чиқиши ҳақида нафақат оддий фуқаро, ўзбек миллати вакиллари, балки хорижлик машҳур сиёсатчилар, мутахассислар ўзларининг жуда кўплаб илиқ фикрларини билдирди.
 
Ўзбек тилининг мана шундай минбардан янграгани бир марта қалбларни фахрга тўлдирган бўлса, юртбошимиз берган таклифлар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётгани яна бир марта қалбларни тўлқинлантирди.
 
Мен Президентимизнинг бу чиқишини Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, айниқса вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари келгусида халқаро майдондаги иштирокларида ўзбек тилида фахр билан чиқиш қилишларига даъват деб биламан.
 
Ўзбек тилини жаҳон тан оладиган, дунё халқлари севиб ўрганадиган тилга айлантириш йўлида бирлашишимиз, биргаликда, бир-биримизни қўллаб-қувватлаган ҳолда иш олиб боришимиз зарур. Бир нарсани тўғри англашимиз керак, яъни бу фақатгина “тилчи”ларнинг иши деган фикрни миямиздан чиқариб ташлаш вақти келди.
 
Бугун республикамиз иқтисодиётини кўтариш, ҳаётимизни рақамлаштириш, ҳар бир соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий қилиш, хорижий инвестицияларни кўпроқ жалб этиш каби йўналишларда қандай юқори суръатларда ҳаракатланаётган бўлсак, ўзбек тилининг давлат тили сифатида ўрнини мустаҳкамлаш бўйича ҳам худди шундай шижоат кўрсатишимиз талаб этилади.
 
Маълумотларга кўра, 2020 йил июнь ҳолатига ер юзи аҳолисининг умумий сони 7 миллиард 800 миллиондан ортиқ ва ана шу аҳоли жами 7100дан ортиқ тилда сўзлашар экан. Коммуникация ривожланиб бориши билан бирга, ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Ер юзи аҳолисининг иккидан уч қисми энг кўп тарқалган 40 дан ортиқ тилда мулоқот қилади. Ана шу қирқта тилнинг ичида ўзбек тили ҳам бор.
 
Одамларнинг асосий қисми хитой, ҳинд, инглиз, испан, араб, рус ва португал тилларида сўзлашади. Шунингдек, француз тили ҳам анчагина кенг тарқалган тиллардан ҳисобланади. Тиллар ривожланиб бориши билан бирга 400дан ортиқ тилга йўқолиб кетиши мумкин деган тахмин ҳам мавжуд.
 
Тил ундан охирги фойдаланувчи вафот этиши билан ўлади ва шунинг учун ҳам ҳаммадан ҳам олдин ёзма тилдан фойдаланилмайдиган халқларда мазкур ҳолат тезроқ содир бўлиши мумкин.
 
Шукрки, бизда бундай эмас. Бунга мисол сифатида яқиндагина Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан нашрдан чиқарилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”ни, “Давлат тилида иш юритиш” услубий қўлланмасини ва бошқаларни келтириш мумкин. Мазкур нашрларнинг тақдимотлари нафақат юртимизда, балки мамлакатимизнинг хорижий, хусусан АҚШ, Белгия, Нидерландия, Германия, Жанубий Корея, Қозоғистон, каби давлатлардаги элчихоналари томонидан чет давлатларда ҳам ўтказилди. Бу жараён тўхтаб қолгани йўқ, давом эттирилмоқда. Покистонда эса Алишер Навоий ўзбек тили маркази очилди.
 
Шу ўринда охирги бир йил ичида юртимизда давлат тилини ривожлантириш, унинг нуфузи ва мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.
 
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни билан 21 октябрь кенг миқёсда байрам сифатида нишонланади. Бу жараён шахсан Президентимиз назоратида эканлиги эса тилимизга берилаётган эътиборнинг нақадар юксаклигини билдиради.
 
Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш департаменти, Атамалар комиссияси, Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ҳамда республика ҳудудларида марказнинг 13 та бўлими иш бошлади. Барча олий ўқув юртларида “Ўзбек тили ва адабиёти” кафедралари ташкил этилди.
 
Барча давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар тузилмаларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.
 
Бугун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида фаолиятнинг асосий қисми давлат тилида олиб борилаётгани юқорида келтирилган ишларнинг узвий давоми сифатида бунга яққол мисол бўла олади.
 
Санаб ўтилганлар хамир учидан патир холос. Зеро, миллий давлатчилигимиз ва ўзлигимиз тимсоли бўлган она тилимизни ривожлантириш ҳар биримизнинг энг муҳим фаолият йўналишларимиздан бирига айланиши лозим.
 
Нурулла Абдуллаев,
Ахборот технологиялари ва
коммуникацияларини ривожлантириш
вазири маслаҳатчиси

Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги

Поделиться