Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пискент ва Охангарон туманларини комплекс ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди
2020-09-28 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигидаги ва вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи Пискент ва Охангарон туманларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши даражасининг жорий ҳолатини ўрганиш ва уни ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун Тошкент вилоятига йўл олди.
Пискент туманида масъул раҳбарларга 2020 йилда амалга оширилаётган ва амалга оширилиши режалаштирилган инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳаларни ҳамда уй-жой қурилиши ва шаҳар ободончилиги соҳасидаги лойиҳаларни инвентаризация қилиш, уларнинг сифатли ва ўз вақтида имплементация қилинишига тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни аниқлаш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича тезкор чоралар кўриш вазифаси юклатилди.
Саноат ва қишлоқ хўжалигининг турли тармоқларида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолатига алоҳида эътибор қаратилди - ҳар бир экспортчи ва инвестициявий лойиҳалари ташаббускорини қўллаб-қувватлаш мақсадида тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри ишлашни фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Юқоридаги лойиҳаларни қисқа муддатларда амалга оширишни якунига етказиш ва ишга тушириш мақсадида масъул ижрочилар ва муддатлар кўрсатилган ҳолда тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ва тегишли вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари аниқ лойиҳаларга бириктирилишини таъминлаш топширилди.
Охангарон туманида гуруҳ иши саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестициялар, экспорт, уй-жой ва инфратузилма қурилиши, ижтимоий ривожланиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш соҳаларини қамраб олувчи 8та асосий йўналишга бўлинди ва ҳар бири бўйича тегишли вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат алоҳида кичик гуруҳлар ташкил этилди.
Шунингдек, ушбу кичик гуруҳлар фаолияти саноат ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий инфратузилмани такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш ҳамда кооперацияни йўлга қўйиш орқали касаначиликни ривожлантириш учун шароитларни яратиш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилган янги таклиф ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга қаратилади.
Ушбу ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида “ўсиш нуқталари” деб аталувчи энг истиқболли тармоқларга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, олиб борилаётган ишнинг асосий принципи мақсадли ёндашув бўлади - қўшимча иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш орқали самарали қўллаб – қувватлашни йўлга қўйиш мақсадида барча муаммоли масалалар устида ҳар бир тадбиркор, экспортчи ва хизмат кўрсатиш соҳаси ташкилоти билан, шунингдек, алоҳида маҳаллалар, ижтимоий заиф оилалар (“Темир дафтар” рўйхатига киритилган), ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар вакиллари (“Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”) даражасида алоҳида ишланади.
Пискент ва Охангарон туманларида олиб борилаётган ишлар мониторинги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мувофиқлаштируви остида махсус ташкил этилган штаблар томонидан доимий асосда олиб борилади. Шакллантирилган кичик гуруҳлар фаолиятининг натижалари бўйича ҳисоботлар ҳар ҳафтада кўриб чиқилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги