Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Хитой камбағалликка қарши кураш борасида амалий ҳамкорликни йўлга қўймоқда
2020-09-26 | Жамият
ПЕКИН, 26 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида Хитойдаги камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро марказ (International Poverty Reduction Center in China - IPRCC) раҳбарияти билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Шуҳрат Умиров.
Ушбу тизим Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳузуридаги Канцелярия тизимининг Камбағалликка қарши кураш ва ривожланиш бўйича раҳбарлик гуруҳи ҳисобланади.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ХХР ўртасида камбағалликка қарши кураш соҳасида ўзаро амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди. Ушбу муаммобанд масала муҳокамаси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган Камбағалликка қарши кураш бўйича стратегия тўғрисидаги атрофлича маълумотлар мазкур Марказ вакилларининг эътиборига ҳавола қилинди.
Алоҳида таъкидланганидек, Ўзбекистон мамлакатда камбағалликни бартараф этиш муаммосини стратегик аҳамиятга молик вазифа сифатида кўради. Унинг ҳал этилишига эътиборга молик саъй-ҳаракатлар ва салмоқли маблағлар йўналтирилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда камбағаллик билан курашиш учун зарур институтлар яратилган, янги Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилган.
Учрашув якунлари бўйича қатор келишувларга эришилди. Жумладан, видеоконференция воситасида икки томонлама семинарлар ўтказиш, камбағалликка қарши кураш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш учун “Ўзбекистон – Хитой” онлайн-форумини ташкил этиш, Ўзбекистон шароитида камбағалликка қарши кураш сиёсатини такомиллаштириш соҳасида қўшма амалий тадқиқотлар олиб боришга келишиб олинди.
IPRCC ХХР ҳукумати томонидан 2005 йил БМТ Тараққиёт дастури ва Жаҳон банки билан биргаликда таъсис этилган. Ушбу марказ Хитойда камбағалликни қисқартириш соҳасида амалий чора-тадбирлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш, тадқиқотлар ўтказиш, кадрлар тайёрлаш, тажриба алмашувлар ва ўзаро ҳамкорлик олиб боришга ихтисослашган тизим ҳисобланади.
IPRCC ўз фаолияти давомида нафақат Хитойда, балки хорижий мамлакатларда ҳам қатор академик институтлар, коллеж ва университетлар билан шериклик муносабатларини йўлга қўйган. Улар орасида Хитой Ижтимоий фанлар академияси, Цинхуа университети, Пекин университети, Оксфорд университети, Жаҳон банки институти ва бошқалар бор.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги