Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Amirsoy” тоғ-чанғи курортининг 2-босқичини амалга оширишга доир Ҳукумат қарори қабул қилинди
2020-09-19 | Туризм
Бўстонлиқ туманининг туристик салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш ва ривожлантириш, ҳудудга маҳаллий ва хорижий сайёҳларни кенг жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар, замонавий ва сифатли инфратузилмани яратиш мақсадида “Amirsoy” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан 2019 йил декабрь ойида осма йўллар, чанғи трассалари ва жойлаштириш воситаларини барпо этишни ўз ичига олган “Amirsoy” тоғ-чанғи курорт мажмуаси барпо этилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 27 августдаги 6053-сон фармонига мувофиқ, “Amirsoy” тоғ-чанғи курорти мажмуасини кенгайтириш, лойиҳанинг 2-босқичини амалга ошириш юзасидан вазифа белгиланган.
Шу мақсадда, лойиҳа ташаббускори ҳамда у томонидан жалб этилган халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 75 миллион евро бўлган “Amirsoy” тоғ-чанғи курорт мажмуаси барпо этишнинг 2-босқичи тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 сентябрдаги 414-Ф сонли фармойиши қарори қабул қилинди. Лойиҳа доирасида қуйидагилар амалга оширилиши белгилаб олинди:
• 2400 ўринга мўлжалланган 4 ресторан;
• 105 ўринли хоналар фондига эга бўлган “4 юлдузли” меҳмонхона;
• 101 ўринли хоналар фондига эга бўлган “5 юлдузли” меҳмонхона;
• офислар ва савдо майдонаридан иборат 500 ўринга мўлжалланган кўп қаватли автотураргоҳ;
• осма йўллар, тоғ-чанғи кўтаргичлар, шунингдек, 16.8 км узунликдаги тоғ-чанғи трассалари;
• тоғ спорти, чанғи ва бошқа жиҳозларни ижарага бериш шохобчаларига эга бўлган кўп тармоқли марказ;
• бассейнлар ва ҳордиқ чиқариш ҳамда дам олишнинг мавсумий турларини ташкил қилиш учун махсус майдонлар.
Мамлакатимиз туристик жозибадорлигини оширишга қаратилган мазкур лойиҳани ўз муддатларида амалга оширилишини таъминлаш учун Давлат томонидан зарур инфратузилма ва тармоқларни барпо этишда кўмак берилади.
Шунингдек, лойиҳа ташаббускорига қурилиш-монтаж ишлари ва келгусида лойиҳани эксплуатация қилиш жараёнида ноёб табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг генетик фондини сақлаш, шунингдек, фаолиятнинг атроф муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш ва табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш бўйича масъулият юклатилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги