Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тил - давлат рамзи, миллат руҳи!

2020-09-19 | Маданият

Тил алоқа воситаси сифатида алоҳида мақомга эга. У орқали инсоннинг онги, билими, тафаккури ва ҳиссиётлари ифодаланади.

 

Шунинг учун одамлар доимо тилларни чуқурроқ ўрганишга, мулоқот қилиш қоидаларини ўзлаштиришга интиладилар. Айнан тилда халқнинг тарихи ва маданияти акс этади. Тилга ҳурмат ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш барча замонларда юксак маданият ҳамда маънавият белгиси ҳисобланган.

Маълумотларга кўра, дунёда инсонлар сўзлашадиган тиллардан 6 мингтаси сақланиб қолган бўлиб, шундан 90 фоизи кенг миқёсда фойдаланилмас экан. Бизнинг она тилимиз – ўзбек тилида дунё бўйича 40 миллиондан ортиқ киши сўзлашишини қайд этиб ўтишимиз керак.

Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.

Халқимиз мустабид тузум даврида яшаганда миллат руҳи, ғурури бўлмиш она тилимизнинг ҳаракат доираси беҳад чекланган, унга расмий эътибор йўқолиш даражасига етиб борган эди. Лекин ватанпарвар кишиларимиз ўша шароитда ҳам тилимизга нисбатан меҳрларини дил тубида асраб келдилар.

Жамиятимизда ўз она тилини ўрганишни астойдил ихтиёр қилмайдиган одамлар ҳам бор. Албатта, тил ўрганиш ихтиёрийдир. Ҳазрат Алишер Навоий: «Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз» деган ҳикматли сўзларида она тилига ихтиёрсиз бўлиш  - уни писанд қилмасликдан ва элга эътиборсизликдан келиб чиқиш маъносига урғу беради.

Мамлакатимиз ҳали мустақилликка эришмаган даврда, 1989 йил
21 октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши  юртимиз ҳаётида улкан тарихий воқеа бўлди. Аслида ҳар қандай истиқлол тил озодлигидан бошланади. Ўз тилида давлатни идора қилиш, эркин мулоқот қилиш, куйлаш ва ижод қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳеч бир халқ истиқлолга эришдим дея олмайди. Шу маънода она тилимизга давлат тили мақоми берилган кунни истиқлол ва мустақилликка эришиш йўлида қўйилган энг дадил ва энг шарафли қадам дейишга ҳақлимиз. Миллий истиқлолнинг биринчи шарти миллат тили – она тилимизнинг мустақиллигидир. Ушбу қонун билан ўзбек тилини бутун чоралар билан ривожлантирилиши ва унинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилишининг таъминланиши, шунингдек ўзбек тили ўзбек халқининг маънавий мулки эканлиги белгиланди.

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Конституцияси 4-моддаси билан ўзбек тилига берилган давлат тили мақоми янада мустаҳкамлаб қўйилди. Шу билан бирга, мамлакатимизда яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилида сўзлашиш ҳуқуқи,  фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эга экани бош қомусимизда белгиланган. Шунингдек, юртимизда маълум бир миллат аҳолиси зич яшайдиган жойларда болалар ўз она тилларида ўқиш имкониятига эга. Республикамизда  мажбурий умумий ўрта таълим 7 та тилда: ўзбек, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида бўлиб, ёш авлоднинг кенг кўламли таҳсил олишига имконият яратиб берилган.  Бу юртимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик, дўстлик ва биродарлик руҳи устуворлигини англатади.

Навоий тилини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор унинг дунёда роли ва обрўсини кучайтиришга ёрдам беради. Бугунги кунда ўзбек тили дунёнинг кўплаб мамлакатларида танилган  ва ўрганилмоқда. Кўпгина хорижий университетларда махсус бўлимлар очилган бўлиб, уларда чет эллик талабалар нафақат ўзбек тилининг, балки мамлакатимизнинг ҳам жозибаси ва гўзаллигини, унинг тарихи ва замонавийлигини ўрганадилар.

Москва давлат лингвистик университетида талабалар ўзбек тилини иккинчи чет тили сифатида ўрганадилар. Шунингдек,  Россияда Uzbekonline.ru  ўзбек тилидаги Интернет мактаби бўлиб, 24 та дарс 12 ҳафта мобайнида ўтилади.

АҚШнинг Огайо давлат университети 1870 йилда ташкил топган бўлиб, у ижтимоий ва гуманитар фанлар соҳасида етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланган нуфузли олий ўқув  юртларидан бири.  Ўзбекистонинг АҚШдаги элчихонаси маълумотларига кўра ҳозирги кунда мазкур университетда АҚШда ўзбек тилини ўқитиш бўйича энг йирик дастур амалга оширилмоқда. Global May дастури доирасида университет талабалари маълум бир мамлакатнинг маданияти ва тилини ўрганиши учун ушбу мамлакатга уларнинг 4 ҳафталик  саёҳати уюштирилади. Хусусан, мамлакатимиз тилини ўрганаётган бир гуруҳ талабаларнинг ушбу дастур доирасида Ўзбекистонга ташрифи 2021 йилга режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Жанубий Кореянинг Ханкук университети ўртасида шартнома асосида талабалар алмашинуви ташкил этилган. 2019-2020 ўқув йилининг биринчи семестрида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ханкук университетининг 8 та талабасидан иборат гуруҳ ўқитилган бўлиб, ундаги талабалар ўзбек тилини ҳам ўрганган. Дарслар давомида корейс талабалари билим олишга, айниқса, ўзбек тилини ўрганишга катта қизиқиш билдиришларини таъкидлаганлар. Бир семестр давомида ўзбек тилини ўрганишнинг натижасида талабалар Ўзбекистоннинг маросимлари ва урф-одатлари тўғрисида мақолалар нашр эттирганлар, шунингдек ўзбек тилида радио ва телевидение орқали интервью берганлар.

Афғонистонда истиқомат қиладиган ўзбек миллатига мансуб кўп сонли аҳоли ўз она тилини сақлаб қолиш истагида. Ўзбекистон Республикасининг Мозори Шариф шаҳридаги консулхонаси томонидан Афғонистонда ўзбек тилининг халқаро нуфузини ошириш ва уни тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Тил нафақат алоқа воситаси, балки бутун халқнинг кўзгусидир.  Буюк ёзувчи, она тилимизнинг матонатли жонкуярларидан бири Абдулла Қаҳҳор “Бизнинг жуда бой, чиройли тилимиз бор, бу тилда ифодалаб бўлмайдиган фикр-туйғу, ҳолат йўқ”, - дея таъкидлаган эдилар. Бугун дунёвий тараққиёт ёшларни бир неча тилларни мукаммал билишга, бошқа тилларда ёзилган, бошқа алифболарда ифодаланган манбалардан ҳам унумли фойдаланишга даъват этмоқда. Бу яхши, албатта. Аммо миллий тил чет тилини ўрганишда асосий замин ҳисобланади. Шу боис она тилимизни қанча теран билсак, чет тилини шунча пухта ўзлаштирамиз. Шундай экан ёш авлодда давлат тилига, ўзбек халқининг бой адабий меросига бўлган чуқур қизиқиш ва ҳурматни шакллантириш бутун жамиятнинг муҳим вазифасидир.

Мамлакатимизда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинган кунни нишонлаш алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, унинг доирасида ўтказиладиган тадбирлар ўзбек тилини оммалаштириш, уни чуқур ўрганиш, классиклар ҳамда ёш ёзувчи ва шоирларнинг асарларини нашр этиш ва таҳлил қилиш учун катта туртки бўлади.

Бугун, “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинган кундан буён 31 йилга яқин ўтган вақт мобайнида ушбу қонун ўзбек тилини мамлакат рамзларидан бири сифатида сақлаш ва ривожлантириш учун, шу билан бирга кўп миллатли республикамизда яшайдиган халқларнинг тилларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратди деб ишонч билан айтишимиз мумкин. 

Шу ўринда ўзбек адабиётига беқиёс ҳисса қўшган, Ўзбекистон халқ шоири  Абдулла Ориповнинг алоҳида аҳамиятга эга бўлган, 1965 йилда ёзилган,  миллий тилнинг миллий руҳга сингиб кетган имкониятлари усталик билан очиб берилган  “Она тилимга” шеърини келтириб ўтиш жоиз:

Минг йилларким, булбул каломи
Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.
Аммо шўрлик тўтининг ҳоли
Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

Она тилим, сен борсан, шаксиз
Булбул куйин шеърга соламан.
Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,
Мен ҳам тўти бўлиб қоламан.

Н.Д.Қудриддинова,
ДБҚ Божхона институти Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси

катта ўқитувчиси, божхона хизмати майори

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси

Поделиться