Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Россия Федерацияси билан инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг амалий масалалари муҳокама қилинди
2020-09-18 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Россия делегациясининг ташрифи чоғида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирининг ўринбосари А.Груздев, “Россия экспорт маркази” АЖ Бош директори В.Никишина, “Экспорт кредитлари ва инвестицияларини суғурта қилиш бўйича Россия агентлиги” АЖ Бош директори Н.Гусаков, Федерация Кенгаши Аграр ва озиқ-овқат сиёсати ва табиатдан фойдаланиш қўмитаси Раисининг ўринбосари С.Лисовский, “КАМАЗ” ОАЖ Бош директори С.Когогин ва “Хэвэл” компаниялар гуруҳининг Бош директори И.Шахрай билан учрашувлар ўтказди.
Саноат ва савдо вазирлиги, “Россия экспорт маркази” АЖ ва “Экспорт кредитлари ва инвестицияларини суғурта қилиш бўйича Россия агентлиги” АЖ раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида аниқ йўналишлар ва ташаббуслар доирасида инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Шу нуқтаи назардан, саноат кооперациясини янада мустаҳкамлаш бўйича салмоқли салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди - россиялик ҳамкасбларимизга кўра, қўшимча қиймат занжирларини яратиш мақсадида Россия ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг ресурслари ва қувватларини бирлаштириш маҳсулотларнинг икки мамлакат бозорларида сотилганда ва учинчи мамлакатларга экспорт қилинганда ҳам юқори рақобатбардошлигини таъминлаш имконини беради.
Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши аъзоси С.Лисовский билан Ўзбекистон ҳудудларида агрологистика кластерларни яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ва бу соҳада Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Россия бозорига чиқишини осонлаштириш имконини берадиган Россиянинг илғор технологиялари, ишланмалари ва сифат стандартларини жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
“КАМАЗ” ва “Хэвел” компаниялари раҳбарлари билан Ўзбекистонда автомобилсозлик ва муқобил энергетика тармоқларида маҳсулотни маҳаллийлаштиришнинг юқори даражасини таъминловчи юқори технологияли корхоналарни яратишга инвестициялар киритиш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Россия Федерацияси компанияларидан иборат қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди, унинг вазифаси ушбу соҳаларда аниқ таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги