Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Энергетика вазирлиги ва “Внешэкономбанк” (Россия) истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди
2020-09-18 | Иқтисодиёт
Россия Федерациясининг Игор Шувалов – “ВЭБ.РФ” Россия давлат тараққиёт корпорацияси раиси бошчилигидаги делегациясининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида жорий йилнинг 17 сентябрь куни Энергетика вазири Алишер Султанов билан икки томонлама музокаралари бўлиб ўтди.
– Россиянинг “Внешэкономбанк”и энергетика соҳасидаги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда ўзбек компанияларининг муҳим ҳамкори сифатида яхши танилган, – деди А.Султанов. – Хусусан, гидроэнергетика соҳасида ҳозирги пайтда Россиянинг “Внешэкономбанк”и билан ҳамкорликда умумий қиймати 297,5 млн. евро бўлган 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан “ВЭБ.РФ”нинг улуши 146,5 млн. еврони ташкил этади. Ушбу лойиҳалар орасида – “Тўполонг ГЭСни модернизация қилиш”, “Қуйи Чотқол ГЭС қурилиши”, “Фарҳод ГЭС модернизацияси” УКни модернизация қилиш” ва бошқа лойиҳалар мавжуд.
Шунингдек, “Внешэкономбанк”нинг 129,0 млн. долл. кредити кўмагида “Силовые машины” ОАЖ (Россия) томонидан “калити билан” топшириш шарти асосида Сирдарё ИЭС энергоблокларини модернизация қилиш ишлари амалга оширилмоқда (лойиҳанинг умумий қиймати 177,1 млн. долл.).
“ВЭБ.РФ” раҳбари И.Шувалов Ўзбекистон томони билан ҳамкорликнинг самарадорлигини ҳамда “Внешэкономбанк”нинг Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплекси соҳасидаги ишбилармонлик шериклигини янада ривожлантиришнинг аҳамиятини таъкидлади.
Музокаралар давомида томонлар ёқилғи-энергетика комплексининг турли йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилдилар, шунингдек, нефть-газ кимёси соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни тақдим этдилар.
Гидроэнергетика соҳасида мавжуд қувватларни модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 78,4 млн. еврога тенг янги соҳалар шулар жумласидан. Айни пайтда Чирчиқ, Қодирия, Ўрта Чирчиқ ва Тошкент гидроэлектр станциялари каскадини модернизация қилиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, “Углеводород хомашёсини қазиб олишни кўпайтириш бўйича дастур”ни амалга ошириш учун молиялашни жалб қилиш муҳокама қилинди. Лойиҳанинг буюртмачилари – “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва СП ООО “Natural Gas-Stream” МЧЖ ҚК ҳисобланади.
Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши – “Ўзбекистон Республикасида табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини (АСКУГ) жорий қилиш” лойиҳаси ҳисобланади.
Муҳокама якунларига кўра билдирилган таклифларни экспертлар даражасида кўриб чиқиш, шунингдек ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги имкониятлар юзасидан ахборот алмашиш ҳақида келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги