Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нидерландияда ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш кучаймоқда
2020-09-17 | Маданият
БРЮССЕЛЬ, 17 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги элчихонасида Европа мамлакатларида ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқишни қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Дипломатик миссия раҳбари Дилёр Ҳакимов элчихона томонидан консуллик округидаги давлатларда яшайдиган ўзбек тили ихлосмандлари, жумладан ватандошлар орасида ўзбек тили ва адабиёти, халқимиз тарихи ва маданиятини кенг тарғиб қилишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Учрашувда Лейден (Нидерландия) университети аспиранти, ўзбек тили талабаси Метте Монстер Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятдаги ўсиб бораётган мавқеи, ўз навбатида, турли давлатларда ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқишни ошишига туртки бўлаётганини қайд этди.
- Мен Самарқанд давлат университетининг тарих факультетида таҳсил олган давримда ўзбек тилидан сабоқ олишни бошлаганман, - деди у. - Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бўлган қизиқишим ва ўзбекларга бўлган юксак эҳтиромим ўзбек тилини ўрганишни давом эттиришга ундамоқда. Шунингдек, Нидерландияда ушбу тилда сўзлашишни ўзлаштиришга қизиқиш юқори бўлган кўплаб ёшларни биланман.
Метте Монстер Нидерландиянинг йирик шаҳарларида ёки олий ўқув юртларидан бирида элчихона билан ҳамкорликда ўзбек тили, тарихи ва маданиятини ўқитиш марказини очишни таклиф қилди ва ушбу ташаббус нидерландияликлар томонидан илиқ қарши олинишига ишонч билдирди.
Учрашувда нидерландиялик аспирантга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти саъй-ҳаракати билан «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти томонидан чоп этилган 5 жилдлик «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» китоби тақдим қилинди.
М.Монстер қимматли совға учун миннатдорлик билдириб, мазкур манба Лейден университети ва Нидерландияда ўзбек тилини ўрганаётган талабаларга катта ёрдам беришини таъкидлади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги