Жорий йилнинг 15 сентябрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий Кенгашининг 87-йиғилиши видеоконференцалоқа форматида бўлиб ўтди.
Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров раислигида ўтган тадбир кун тартибига МДҲга аъзо давлатларнинг савдо-иқтисодий, агросаноат, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги иқтисодий ҳамкорлиги масалаларидан таркиб топди.
Тадбирда Озарбайжон ва Тожикистон Бош вазирларининг биринчи ўринбосарлари, Арманистон, Белорусия Бош вазирларининг ўринбосарлари, Молдова Иқтисодиёт ва инфратузилма вазири, Россия Иқтисодий тараққиёт вазирининг биринчи ўринбосари, Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазирининг ўринбосари, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг МДҲ Иқтисодий масалалар бўйича комиссиясидаги ваколатли вакиллари, шунингдек, МДҲ ИҚ раиси Сергей Лебедев иштирок этдилар.
Ҳамдўстлик мамлакатлари делегатсиялари раҳбарлари МДҲга аъзо давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати тўғрисида фикр алмашдилар. Улар ўзларининг тақдимотларида Ҳамдўстлик давлатларининг пандемияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Учрашув якунлари бўйича иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш, шунингдек, МДҲ органлари фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш ва бошқа қатор тадбирлар бўйича 18 та қарор, шу жумладан «2030 йилгача бўлган даврда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг иқтисодий ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси лойиҳасининг Биринчи босқичини (2021-2025 йй) тўғрисида” ҳамда “ 2030 йилгача бўлган даврда МДҲга аъзо давлатларнинг инновацион ҳамкорлик давлатлараро дастури лойиҳаси тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
Йиғилиш иштирокчилари томонидан ташкилий масалалар ҳам муҳокама қилинди, хусусан, МДҲ Иқтисодий Кенгашининг навбатдаги 88-йиғилишини 2020 йил декабрь ойида Москва шаҳрида ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.
Учрашув натижасида иштирокчилар томонидан иқтисодий ҳамкорликни, шу жумладан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий Кенгаши доирасида, давом эттириш бўйича қарор қилинди.
Қатнашчилар ўзбек томонига МДҲ Иқтисодий Кенгашининг 87-йиғилишини юқори даражада ташкил этганлиги учун ўз миннатдорликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги