Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва БАА кўп қиррали ҳамкорликни давом эттиради
2020-09-15 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 14 сентябрь куни видеоконференция шаклида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Бирлашган Араб Амирликларининг ҳукумат ва келажак ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдулла ал-Гергави ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Видеоконференция давомида Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш дастури доирасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бориши муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва БААнинг тегишли вазирлик ва идораларининг мувофиқлаштирилган ва тизимли иши натижасида ўзаро ҳамкорликнинг барча 22 йўналишлари бўйича эришилган сезиларли ютуқлар қайд этилди.
Ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб ушбу дастур доирасида 76 тадбир, шу жумладан умумий давомийлиги 33 994 соатни ташкил этган Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ва ходимлари учун 59 та ихтисослаштирилган тренинглар ўтказилди. Шу билан бирга, тренинглар доирасида ўқитилган давлат хизматчилари сони 2094 кишини ташкил этди. Жорий йилнинг охиригача яна 71 тадбир ўтказилиши режалаштирилган.
Шу нуқтаи назардан, молия, савдо, туризм ва бизнес-инкубаторларни ривожлантириш соҳаларини қамраб олиб, икки томонлама ҳамкорлик дастурини кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, БАА томони 100 минг долларлик мукофот жамғармасига ҳомийлик қилаётган энг яхши давлат мобил иловани ишлаб чиқиш бўйича “mGovAward” танловининг финал босқичини ўтказиш ва “Бир миллион дастурчи” дастурини кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Ушбу дастур “Dubai Future Foundation” БАА жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда ва унинг иштирокчиларининг сони мамлакат бўйлаб 6 мингдан зиёд кишини ташкил этади. БАА томонига ҳукумат қарорига мувофиқ республика мактаблари ва олий ўқув юртлари таълим дастурларига дастурлаш асосларини ўқитиш йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Музокараларнинг кун тартибида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш билан боғлиқ долзарб масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Видеоконференция натижасида томонлар мавжуд келишувларни амалга оширишни жадаллаштиришга содиқлик шунингдек, ўзаро ҳамкорлик ва долзарб масалаларни тезкор ҳал этиш учун турли даражадаги икки томонлама онлайн музокаралар амалиётини янада фаоллаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги