Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари араб тилини ўрганишда Саудия Арабистони электрон таълим дастуридан фойдаланади
2020-09-15 | Таълим
АР-РИЁД, 14 сентябрь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистони Подшоҳлиги пойтахтида Саудия электрон университети билан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Шартномага асосан, Ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари мазкур университетнинг “Интернет орқали араб тили ўрганиш” электрон дастуридан фойдаланади. Саудия университети ректори, профессор Лайлак бинт Аҳмад ас-Сафадий ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети вакили, Шарқ тиллари кафедраси доценти Муртазо Сайдумаров имзолаган ушбу ҳамкорлик шартномаси университетнинг электрон хизматларидан фойдаланишни кўзда тутади.
Айтиш жоиз, Саудиянинг ушбу университети пойтахт Ар-Риёдда жойлашган бўлиб, мамлакат минтақаларида очилаётган филиаллар ҳисобига кенгайиб бормоқда. Университет электрон таълим технологияларини татбиқ этишда етакчилардан бўлиб, анъанавий ва масофавий олий таълимни тақдим этади.
Интернет орқали араб тили дастури ўрганиш хорижий тилда сўзлашувчи фуқаролар учун мўлжалланган бўлиб, араб тили ўрганишни ҳеч қандай замон ва географик маконга боғламаган ҳолда ташкил этиш имконини беради. Шунингдек, талабаларнинг таълим харажатларини тежайди.
Маълумот учун, Саудия электрон университети 2011 йилда таъсис этилган бўлиб, таълимни масофадан ташкил этишни йўлга қўйган.
Университетда бошқарув ва молия, тиббиёт фанлари, ахборот технологиялари, аниқ фанлар ва назарий тадқиқотлар факультетлари бор.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги