Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Молия вазири - Тимур Ишметовнинг 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида Давлат бюджети ижросига бағишланган Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисидаги маърузаси

2020-09-14 | Иқтисодиёт

Давлат бюджетининг 2020 йил I ярим йиллиги ижроси юзасидан МАЪРУЗА

Ассалому алайкум ҳурматли Танзила Камаловна,

Сенат аъзолари,

ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Рухсатингиз билан, Давлат бюджетининг 2020 йил 1-ярим йиллик ижроси якунлари бўйича маърузамда асосий эътиборни маҳаллий бюджетларнинг ижроси ва ҳудудларда бюджет ҳисобидан амалга оширилаётган тадбирларнинг бажарилишига қаратсам.

Сўзимизнинг бошида, коронавирус пандемияси дунёдаги барча давлатлар қатори мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам ўз таъсирини кўрсатганлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Бунинг натижасида, ҳисобот даврида Давлат бюджетининг даромадлари 58трлн. 157 млрд сўмни, харажатлари эса 64трлн. 879 млрд.сўмни ташкил этиб, давлат бюджети 6 трлн. 722млрд сўм ёки ЯИМ га нисбатан 2,6 фоиз миқдорида тақчиллик билан ижро этилди.

Шундан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари даромадлари 12,9 трлн. сўмни ташкил этди ёки 14 фоиз ортиғи билан ижро этилди.

Жорий йил 1 - ярим йиллигида барча ҳудудлар учун белгиланган прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилди.

Натижада маҳаллий бюджетларда прогнозни ошириб бажариш ҳисобига 1  трлн. 416 млрд сўм қўшимча манба шакллантирилди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 131,8 млрд.сўм, Сурхондарё вилоятида 105,5 млрд.сўм, Бухоро вилоятида 120,9 млрд.сўм, Жиззах вилоятида 88,5 млрд.сўм прогноздан ортиқча маблағ шакллантирилди.

Бундан ташқари, 2020 йилдан бошлаб, ҳудудларда республика бюджетига ажратма қилинадиган солиқлар бўйича ҳам прогноздан ортиқча тушган маблағлар маҳаллий бюджетга ажратма қилиниши белгиланган эди.

Шунга кўра, ҳисобот даврида 210 млрд.сўм маблағ маҳаллий бюджетларга қайтарилди.

Мисол учун, Тошкент шаҳрига 127 млрд сўм (Фойда солиғидан 8,8 млрд.сўм, жисмоний шахслар даромад солиғидан 118,5 млрд.сўм) маблағ ўтказиб берилди.

Албатта, прогнозни бажарилишида айрим камчиликлар ҳам мавжуд.

Хусусан, ҳисобот даврида айланмадан олинадиган солиқ бўйича йиллик белгиланган прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши орқада қолмоқда.

Масалан, ушбу солиқ тури бўйича йиллик прогноз Қорақалпоғистон Республикасида 12,2 фоизга, Бухоро вилоятида 20,9 фоизга, Тошкент шаҳрида 22,1 фоизга, Тошкент вилоятида 23,2 фоизга, Қашқадарё вилоятида 25,4 фоизга бажарилди холос.

Шунингдек, ҳисобот даври учун белгиланган прогноз кўрсаткичлари якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи бўйича Тошкент вилоятида 5,8 млрд сўмга (93,9%), Навоий вилоятида 1,4 млрд сўмга (94,7%), Қашқадарё вилоятида 3,1 млрд сўмга (95,5%) бажарилмай қолди.

Бу ҳолатлар асосан карантин чекловлари сабабли, иқтисодий фаолликнинг камайиши ва корхоналар тўлов қобилиятининг пасайиши билан изоҳланади.

Хабарингиз бор, 2020 йилдан бошлаб, алкоголь маҳсулотлари ва мобиль алоқаси хизматини кўрсатганлик учун акциз солиғи тушумлари ҳудудлардаги аҳоли сонининг республикадаги улушидан келиб чиққан ҳолда тақсимлаб бериладиган бўлди.

Бу тушумлар барқарорлиги ва ўз вақтида тушиши ҳисобига маҳаллий бюджетлар даромадларининг барқарорлиги ошди.

Ҳисобот даврида мана шу тадбир ҳисобига маҳаллий бюджетларга 1,3 трлн сўм маблағ ўтказиб берилди.

Ваҳоланки ўтган йили мобиль алоқаси хизматини кўрсатганлик учун акциз солиғи республика бюджетида қолдирилган бўлса, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ҳудудлар бўйича нотекис жойлашганлиги ҳисобига айрим маҳаллий бюджетлар бундан деярли даромад олмас эди.

Мисол учун, 2020 йил 1 - ярим йиллигида Жиззах вилоятига 52,5 млрд сўм ўтказиб берилган бўлса, ўтган йилги тартиб бўйича атиги 374 млн сўм тушган бўлар эди, Самарқанд вилоятига 147,5 млрд сўм ўтказиб берилди, аслида фақат 21 млрд сўм тушган бўлар эди.

2020 йилдан бошлаб автотранспорт воситаларини ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказиш йиғими маҳаллий бюджетларга қолдирилиши ҳисобига жойларда 186 млрд сўм қўшимча маблағ шакллантириш имкони яратилди.

Бироқ, республикамиздаги пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун берилган имтиёзлар, хусусан:

карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган даромад солиғини тўхтатиб туриш ҳисобига 63 млрд.сўм (апрель-июнь ойларида);

карантин даврида давлат мулки бўйича ижара ҳақларини ундирмаслик ҳисобига 12 млрд.сўм миқдорида даромадлар олинмай қолди.

Шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг олинмай қолган даромадлари белгиланган тартибда республика бюджети ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан кичик тадбиркорлик субъектларини ресурс тўловларидан озод қилиш натижасида апрель-июнь ойларида 78 млрд.сўм қоплаб берилди ҳамда июль-декабрь ойларида яна 515 млрд.сўм ўтказилиб берилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетлар даромадлари базасини мустаҳкамлаш бўйича резервлар мавжуд бўлиб, йилнинг қолган ойларида солиқ ва молия идоралари биргаликда иш олиб боришади, масалан норасмий секторда, айниқса қурилиш соҳасида ишловчилар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини легализация қилиш йўналиши бўйича амалий чоралар кўрилади.

Ҳурматли сенаторлар!

2020 йилнинг 1-ярим йиллигида маҳаллий бюджетларда умумий жиҳатдан олиб қаралганда 3трлн346млрд сўм қўшимча маблағлар шакллантирилди. Ушбу маблағлар қуйидагилардан ташкил топди:

- йил бошига шаклланган эркин қолдиқ маблағлари 1,8трлн сўм;

- даромадларни прогноз кўрсаткичларидан ошириб бажарилган қисми 1,4трлн сўм (жумладан,1-чоракда 744 млрд сўм, 2-чоракда 672 млрд сўм);

- давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни (мусодара) ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари 151млрд сўм;

- давлат мулкини хусусийлаштириш ҳисобидан тегишли бюджетга тушган пул маблағлари миқдори 17млрд сўм.

Шаклланган қўшимча маблағлар ҳисобидан жами
2,3трлн сўм тегишли Халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари асосида турли тадбирлар учун йўналтирилди. Жумладан,Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифи давомида берилган топшириқлари ижроси ҳамда ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш харажатларига 794млрд сўм, шундан:

- жойларда 138 км тоза ичимлик суви етказиб бериш учун 25 млрд сўм (Андижон вилоятида 7,6 млрд сўмга 56 км, Наманган вилоятида 5 млрд сўмга 20 км);

- 19 км оқава тизимларини таъмирлаш учун 2,2 млрд сўм;

- 251 км узунликдаги хўжаликлараро ички йўлларни таъмирлаш учун 60 млрд сўм (масалан, Тошкент шаҳрида 30,4 млрд.сўмга 58 км);

-1 018 та, шундан 629 та халқ таълими ва 389 та мактабгача таълим муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатларига 138 млрд сўм (м-н, Андижон вилоятида 130 та умумтаълим мактабларига 33,7 млрд сўм, Сурхондарё вилоятида 176 та мактабгача таълим муассасаларига 10,2 млрд сўм);

- 384 та тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатларига 87,5 млрд сўм;

- 758 та бошқа бюджет ташкилотларини таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатларига 472,3 млрд сўм маблағ молиялаштирилди.

Шунингдек, ўтган йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида юзага келган қарздорликларни қоплаш харажатларига 240 млрд сўм, ҳарбий маъмурий сектор жамғармасига 115 млрд сўм, ҳудудларни ободонлаштириш харажатларига 218 млрд сўм, 5 841 нафар кам таъминланган оилаларни моддий қўллаб қувватлашга қўшимча 8,5 млрд сўм маблағлар йўналтирилди.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

2020 йил Давлат бюджети харажатлари 131,1 трлн. сўм миқдорида, шундан, республика бюджети харажатлари 95,7 трлн. сўм (73 %) ҳамда маҳаллий бюджетлар харажатлари 35,4 трлн. сўм (37 %) миқдорида белгиланган.

Коронавирус пандемиясининг тарқалиши, Юртимизда карантин чораларининг кўлланилиши Давлат бюджет харажатларига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилишига сабаб бўлди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдорида “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” ташкил этилди ҳамда 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида жамғармадан 5,3 трлн. сўмлик харажатлар молиялаштирилди.

Жамғарманинг 1 сентябрь ҳолатига харажатлари миқдори 9,0 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу маблағларнинг 2,2 трлн сўми коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилди.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштиришга август ойининг ўзида 690 млрд сўм молиялаштирилиб, ушбу харажатларнинг 495 млрд сўми тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланди.

Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида жами 6,1 трлн.сўм, шундан Қорақалпоғистон Республикаси ва маҳаллий бюджетлар харажатларидан қарийб 1 трлн. сўм мақбуллаштирилди.

Бундан ташқари, жорий йил Бухоро вилоятида зарар кўрган аҳоли ва иқтисодий-инфратузилма объектларига 164 млрд. сўм ҳамда “Сардоба сув омбори” тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этишга 500 млрд сўм қўшимча маблағлар йўналтирилди (Сардобага жами 1,5 трлн сўм йўналтирилиши режалаштирилган).

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Давлат бюджетининг 2020 йил 1 - ярим йиллик харажатлари 64трлн.879млрд. сўмни ёки ЯИМ га нисбатан 25,4 фоизни ташкил этди. Бу эса 1-ярим йиллик учун тасдиқланган режа кўрсаткичига (65,3 трлн сўм) нисбатан 99 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида бюджет ташкилотларининг қарийб 23 трлн 100 млрд. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 5 трлн. сўмдан ортиқ иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланди.

Шундан, маҳаллий бюджетларнинг 1 - ярим йиллик харажатлари 20трлн203млрд сўмни ёки ЯИМ га нисбатан 7,9 фоизни ташкил этди.

Маҳаллий бюджетларнинг биринчи даражали тўловларини амалга оширилишида юзага келган вақтинча касса узилишларини бартараф этиш ва ушбу тўловларни тўлаб берилишини кечиктирмаслик мақсадида республика бюджетидан 626 млрд сўм (ойига ўртача 104 млрд сўмдан) бюджет ссуда маблағлари йўналтирилди.

Шунингдек, ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларга ажратилиши белгиланган 3 трлн53 млрд сўм тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар тўлиқ ўтказиб берилди.

Бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўловлари, адвокатлик хизматлари, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган қўшимча маблағлар, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун субсидия ва инвестиция дастуридаги тақсимланмаган маблағларнинг қайта тақсимланиши натижасида юзага келган қўшимча харажатларни қоплаш мақсадида, 3 трлн 246 млрд сўм бюджетлараро ўзаро ҳисоб-китоб маблағлари республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратилди.

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилган бўлиб, жорий йилнинг 1-ярим йиллигида ушбу жамғарма ҳисобидан маҳаллий бюджетларга 922 млрд сўм, жумладан:

- ҳудудий cанитария - эпидемиология осойишталик марказларига – коронавирусга чалинган беморларни даволашда иштирок этаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш ва ҳимоя чораларини амалга ошириш харажатларига 420 млрд сўм;

- аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш (нафақа олувчилар сонининг ошиши) учун - 311 млрд сўм;

- ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг биринчи даражали харажатларини қоплаш учун – 61 млрд сўм;

- солиқ имтиёзлари берилиши натижасида маҳаллий бюджетлар даромадларига келиб тушмаган етишмовчиликни қоплаш учун – 78 млрд сўм;

- ҳудудларнинг санитария ҳолатини мўътадил даражада сақлаш учун, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга – 53 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ажратиб берилди.

Бундан ташқари, вақтинча карантинда сақлаш ва махсус карантин мажмуалари қурилиши учун 694 млрд сўм йўналтирилди.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ижтимоий соҳа харажатлари учун Давлат бюджетидан 34 трлн. 666 млрд сўм (умумий харажатларнинг 53,4 фоизи)миқдорида маблағ сарфланди (ЯИМ нинг 13,6 фоизи).

Ушбу йўналишда амалга оширилган харажатларнинг 1 трлн. 224 млрд сўми инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.

2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида бюджет (ижтимоий соҳа) ташкилотларининг харажатлари учун жами (маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари билан бирга) 388 млрд сўм маблағ ажратилган (ўтган мавсумга нисбатан 22,3 фоизга кўп) бўлиб, жорий йилнинг 8 ойи давомида ажратилган маблағларнинг 275 млрд сўми ўзлаштирилди.

Куз-қиш мавуми учун кўзда тутилган 388 млрд сўм маблағларнинг 328 млрд.сўми (85 фоизи) маҳаллий бюджет параметрларида ташкилотларнинг харажатлар сметасида режалаштирилган ва 60 млрд сўми (15 фоизи) маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манба маблағлари ҳисобидан ажратилган.

Жумладан соҳалар кесимида:

Халқ таълими соҳасига 193 млрд сўм ажратилган бўлиб, жорий йилнинг 8 ойи давомида 135 млрд сўм касса харажатлари амалга оширилди.

Мактабгача таълим соҳасига 115 млрд сўм ажратилган бўлиб, жорий йилнинг 8 ойи давомида 76 млрд сўм касса харажатлари амалга оширилди.

Соғлиқни сақлаш соҳасига 54 млрд сўм ажратилган бўлиб жорий йилнинг 8 ойи давомида 41 млрд сўм касса харажатлари амалга оширилди.

Шунингдек, куз-қиш мавсумида ижтимоий соҳа муассасаларига 422 минг тн кўмир маҳсулотлари харид қилиш учун 159 млрд сўм маблағ ажратилди.

Ижтимоий соҳанинг энг асосий йўналишларидан бири бўлган, ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам, компенсация тўловлари ва аҳоли бандлик даражасини оширишга Давлат бюджетидан ҳисобот даврида 3 трлн. 727 млрд. сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврида ажратилган маблағларга нисбатан 847,1 млрд. сўмга ёки 29,4 фоизга кўпроқ маблағ ажратилди.

Ҳисобот даврида Ижтимоий нафақалар, моддий ёрдам, компенсация тўловлари ва аҳоли бандлик даражасини оширишга Давлат бюджетидан ҳисобот даврида 3 трлн. 727 млрд. сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврида ажратилган маблағларга нисбатан 847 млрд. сўмга ёки 29,4 фоизга кўпроқ маблағ ажратилди.

Кам таъминлаган оилаларни коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонларига мувофиқ:

ижтимоий нафақа олувчилар сони 1 апрелдан бошлаб 10 фоизга, 1 июндан яна 10 фоизга оширилди;

март-июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган ижтимоий нафақалар тўлаш ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга узайтирилди;

бунинг натижасида, март-июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган 258 минг нафар кам таъминланган оилаларга нафақа тўлаш муддатлари автоматик тарзда хеч қандай хужжатларсиз қўшимча олти ойга узайтирилди;

ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартиб-таомиллари соддалаштирилди.

Жорий йилнинг март ойида 569 минг оилага ижтимоий нафақа тўловлари тўланган бўлса, юқорида келтирилган Фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида яна қўшимча 405 минг нафар оилага ижтимоий нафақа тўланди.

Бунинг учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 2020 йилнинг январь-июнь ойларида жами 311 млрд сўм маблағ ажратилди.

Жами ажратилган маблағлар ҳисобидан:

14 ёшгача боласи бор оилаларга тўланадиган нафақага 425 млрд. сўм (шундан, инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 106 млрд. сўм);

боласи 2 ёшга тўлгунга қадар ишламайдиган оналарга тўланадиган нафақага 728 млрд. сўм (127 млрд. сўм);

кам даромадли оилаларга тўланадиган моддий ёрдам учун 148 млрд. сўм (35 млрд. сўм) харажатлар амалга оширилди.

Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерациясига хотин-қизларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 60 млрд. сўм ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038-сон Фармонига асосан
2020 йилнинг якунига қадар:

14 ёшгача болалари бўлган нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириш (700 мингтагача етказиш);

бола 2 ёшга тўлгунга қадар нафақа олувчи оналарнинг амалдаги сонини 330 мингдан 400 мингтага ошириш;

моддий ёрдам олувчи оилалар сонини 89 мингдан 100 мингтага етказиш белгиланди.

Бунинг натижасида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар сони 2020 йил якунида 1 млн 200 минг та оилани ташкил этиши кутилмоқда.

Маълумот учун, юқоридаги тадбирлар натижасида нафақа олувчилар масалан Самарқанд вилоятида 82 мингтага, Сурхондарё вилоятида 75 мингтага, Қашқадарё вилоятида 69 мингтага, Фарғона вилоятида 64 мингтага, Хоразм ва Андижон вилоятларида 59 мингтага ошади.

Ушбу нафақаларни тўлаш учун қўшимча 522 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳурматли сенаторлар!

Ҳисобот даврида пандемия билан боғлиқ вазиятни инобатга олиб аҳоли бандлик даражасини ошириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилди. Жумладан:

- аҳолининг ишсиз ва банд бўлмаган қатламини вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун Жамоат ишлари жамғармасига 324,0 млрд. сўм, шундан, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 200 млрд. сўм ажратилди;

- Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига 125 млрд. сўм, шундан, инқирозга қарши курашиш жамғармасидан маблағлари ҳисобидан ишсиз, кам таъминланган оилаларга шахсий томорқаларини ривожлантириш орқали турмуш даражасини қўллаб-қувватлаш учун 50 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Шундан 94 млрд сўмдан ортиқ маблағлар қуйидаги йўналишларга субсидия сифатида ажратилди:

касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш учун - 4,6 млрд сўм (масалан, Сурхондарё вилоятига 2,0 млрд сўм, Тошкент вилоятига 633 млн. сўм, Қорақалпоғистон Республикасига 618 млн сўм);

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун - 55 млрд сўм (м-н, Наманган вилоятига 8,9 млрд сўм, Андижон вилоятига 8,3 млрд сўм, Самарқанд вилоятига 5,4 млрд сўм, Қорақалпоғистон Республикасига 5,1 млрд сўм, Фарғона вилоятига 4,1 млрд сўм);

кооперативлар устав фондига улуш киритиш учун – 34 млрд сўм (м-н, Сурхондарё вилоятига 6,7 млрд сўм, Хоразм вилоятига 4,1 млрд сўм, Самарқанд вилоятига 3,4 млрд сўм);

бошқа харажатларга 1,1 млрд сўм.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Ҳисобот даврида Инвестиция дастурига киритилган 1 871 та объектларни қуриш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари учун 4 трлн 88 млрд сўм маблағлар молиялаштириб берилган бўлиб, ўзлаштириш кўрсаткичи йиллик параметрларга нисбатан 35 фоизини ташкил этмоқда.

Маълумот учун, 2019 йилнинг 1-ярим йиллигида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан капитал қўйилмаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи йилллик параметрларга нисбатан 52 фоизни ташкил қилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Инвестиция дастурига киритилган 2,3 мингга яқин объектлар бўйича 12,5 трлн сўммаблағларнинг 21 фоизи ёки 753 та объект бўйича қарийб 3 трлн сўммаблағларнинг ўзлаштирилишини таъминлаш маҳаллий хокимликлар зиммасига юклатилган.

Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида ҳудудларда ушбу объектларнинг 1,1 трлн сўми ёки 38 фоизи молиялаштирилди.

1 сентябрь ҳолатига маблағларнинг ўзлаштирилиши 63 фоизни ташкил қилди (1,8 трлн сўм).

Лойиҳа-смета ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши кечикиши ва тендер (танлов) савдоларининг якунланмаганлиги сабаб 90 та объектда молиялаштириш бошланмади.

Ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 3 трлн. 794 млрд сўм ажратилган бўлиб, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига 1 трлн 66 млрд сўм ёки ажратилган маблағларнинг 28 фоизи ўзлаштирилди.

Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ажратилган жами маблағларнинг 39 фоизи ёки 752 та объект бўйича 1,5 трлн сўм маблағларнинг ўзлаштирилиши маҳаллий хокимликлар томонидан таъминланмоқда.

Маълумот учун, жорий йилнинг ҳисобот даврига қадар ҳудудий ҳокимликлар томонидан ажратилган маблағларнинг 42 фоизи (0,6 трлн.сўм) молиялаштириб берилган бўлса, 1 сентябрь ҳолатига ушбу кўрсаткич 64 фоизни (1,0 трлн.сўмни) ташкил этди.

Жумладан, 144 та умумтаълим мактабларини қуриш-таъмирлаш ишлари учун 522 млрд сўм ажратилган бўлиб, 1 ярим йиллик якунига кўра 52 млрд сўм ёки белгиланган йиллик параметрларнинг 10 фоизи ўзлаштирилди. Албатта, Инқирозга қарши жамғарма март ойида ташкил қилиниб, апрель ойида объектларнинг манзилли рўйхати шакллантирилганлини инобатга олишимиз лозим.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан ҳудудларда манбаси белгиланмаган ҳолда бажарилган қурилиш таъмирлаш ишлари бўйича таҳлиллар ўтказилди.

Ўтказилган таҳлилий ўрганишларда, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига, жойларда манбаси аниқ бўлмасада жами 1 990 та объектларда янги қурилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилгани маълум бўлди.

Ушбу объектларда лойиҳа смета хужжатларига асосан бажарилган қурилиш ва таъмирлаш ишларининг жами қиймати 3 трлн 322 млрд бўлгани ҳолда, маҳаллий бюджет қўшимча манбалари ҳисобидан 2 трлн 424 млрд сўм молиялаштириб берилган.

Бунинг натижасида, бугунги кунда ушбу объектларда жами
897млрд сўм қарздорлик вужудга келган.

Бунинг натижасида пудратчи ташкилотларнинг бажарган ишлари бўйича маблағлари ўз вақтида тўлаб берилмаслиги, уларнинг айланма маблағлари ҳисобидан бажарилган ишларини топшира олмаслиги ҳолатлари юзага келмоқда ва бу ўз навбатида қурилишга жалб қилинган ишчиларга иш ҳақлари ўз вақтида тўланмаслиги ҳамда уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ҳурматли Сенат Раиси, вазиятдан фойдаланиб, сенаторлардан мавжуд қарздорликни маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўлиқ қопланишини ҳудудий халқ депутатлари Кенгашларида кўриб чиқилишини ҳамда келгусида молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган, тасдиқланган лойиҳа смета ҳужжатларисиз қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширилишига йўл қўймаслик чораларини кўришларини сўраб қолган бўлардик.

Ҳурматли сенаторлар,

Яна бир муҳим масала, бу халқимизни сифатли ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация тизимини ривожлантириш масаласидир.

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалаларига кейинги йилларда жуда катта эътибор берилиб, бюджетдан ва халқаро молиявий институтларнинг кредитлари ҳисобидан ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин оширилди.

Сўнгги 10 йилда республика бўйича ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қарийб 6 трлн сўм маблағ ажратилган бўлса, шунинг 4,5 трлн сўми ёки 78 фоизи охирги уч йилда, яъни
2018-2020 йилларда ажратилди.

Натижада, республика бўйича қарийб мингдан ошиқ объектларда 6 500 км дан ортиқ ичимлик ва 300 км га яқин оқова сув тармоқлари тортилди.

Шундан, 2020 йилнинг ўзида 327 та объектда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун 1 трлн 953 млрд сўм маблағ йўналтирилди (шундан 500 млрд сўм маблағ Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан).

Жорий йилнинг 1 - ярим йиллигида Инвестиция дастури доирасида 627 млрд сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган ҳамда белгиланган тартибга мувофиқ 592 млрд сўм (88 %) маблағ молиялаштирилиб берилган. Натижада, ҳисобот даври якунида қарийб 2 375 км дан ортиқ ичимлик ва 332 км на яқин оқова сув тармоқлари тортилган.

Шунингдек, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан сув таъминоти ва канализация объектлари учун қўшимча равишда 500 млрд сўм маблағ ажратилди.

Ушбу маблағлар Республика ҳудудида вақтинчалик карантин масканларини ҳамда аҳолини ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизими билан таъминлаш учун йўналтирилди.

Ҳисобот даврида 335 млрд сўмлик манзилли дастурлар тасдиқланган ҳамда 156 млрд сўм (47 %) қурилиш-монтаж ишлари бажарилиб, бажарилган ишларга қараб 132 млрд сўм молиялаштириб берилди.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ҳисобот даврида иқтисодиёт харажатларига Давлат бюджетидан 9 трлн 2 млрд. сўм маблағ сарфланди. Иқтисодиёт харажатларининг ҳудудлардаги энг долзарб айрим йўналишларига қисқача тўхталиб ўтсам.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 25 октябрдаги ПҚ-4499-сон қарорига асосан 2020 йилда 43 825 гектар майдонда (шу жумладан 24,8 минг га пахта, 4,9 минг га узумзор, 13,9 минг га боғ ва бошқа майдонларида) сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплашга Давлат бюджетидан 325 млрд сўм субсидия маблағлари ажратиш белгиланган.

Ўтган давр мобайнида ўтказилган ўрганишлар, сув тежовчи технологияларни жорий этишда бир қанча тизимли камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, тупроқ-иқлим шароитининг сув тежовчи технологияларни жорий этишга мос эмаслиги (Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларининг жанубий туманларидаги қумоқ тупроқли ҳудудлар), сув тўплаш ва тиндириш ҳавзалари талаб даражасида қурилмаганлиги натижасида сув ўтказиш фильтрларига лойқа тиқилиб қолиши, сифатсиз ускуналар ўрнатилганлиги, сув билан таъминланганлик даражаси ўрганилмасдан жорий этилиши сабабли, кутилган натижа бермаётганлиги маълум бўлмоқда.

Маълумот учун. Сув тежовчи технологиялар жорий этилган ҳудудда маълум миқдордаги сув таъминоти узлуксиз бўлиши шарт бўлгани ҳолда айрим ҳудудларда ҳозирча бунинг имкони бўлмаган, яъни сув айрим ҳудудлар ўртасида навбат билан тақсимлаб берилган.

Ҳурматли Сенат аьзолари,

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддасига асосан туманлар ва шаҳарлар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилиши белгиланган.

Жорий йилнинг 2 - чорак якунлари бўйича туман ва шаҳарлар бюджетларида шаклланган қўшимча манбалари 224 млрд.сўмни ташкил этган бўлса, шундан 20,3 млрд сўм маблағларни фуқароларнинг ташаббуси асосида йўналтириш мақсадида таклифлар билдириш учун махсус Порталга эълонлар берилган.

Жараён натижаларига кўра 14 та ҳудуд бўйича жами 15 793 та таклифлар берилди ҳамда қўшимча маблағлар ушбу таклифлар асосида сарфланмоқда.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2020 йилнинг 1-ярим йилида ўтказилган 2 584 та назорат тадбирларидан 2 021 тасида (78 %) 1 трлн 298 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланди.

Жами ўтказилган 2 584 та назорат тадбирларининг 2010 таси (78 %) бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан бўлиб, назорат тадбирларида бюджетдан маблағ олувчилар томонидан 82 млрд сўм миқдорида турли бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликларни камомади ва асоссиз харажатларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Назорат тадбири давомида кўрилган чора тадбирлар натижасида аниқланган ноқонуний харажатларнинг 57 млрд сўми (70 %) тегишли бюджетлар даромадига тикланиши таъминланди.

Бюджет соҳасида қонунбузилиш ҳолатларини ҳудудлар кесмида таҳлил қиладиган бўлсак, Андижон (9 млрд сўм), Қашқадарё (8 млрд сўм), Тошкент (6 млрд сўм), Жиззах (5 млрд сўм), Сурхондарё (5 млрд сўм), Наманган (5 млрд.сўм), Фарғона (4 млрд сўм) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (8 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикасида (5 млрд сўм) миқдорда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Бюджет қонунчилигини бузганлиги учун бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 47 нафар раҳбар ва бошқа манбасдор шахсларига ўрнатилган тартибда 35 млн сўм миқдорида жарима қўлланилиб, тўлиқ ундирилиши таъминланди, 1 246 та назорат тадбирларида аниқланган 79 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари ҳужжатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилди.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағларининг мақсадли ва белгиланган тадбирлар сарфланиши, тиббиёт ҳодимларига рағбатлантириш пулларини берилиши ҳам Молия вазирлигининг диққат эътиборида бўлди.

Жамғарма маблағларини сарфланишида коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб этилган тиббиёт муассасаларида 56 млрд сўмлик турли хато ва камчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, Жамғарма маблағлари ҳисобидан ҳудудий Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирларига ажратилган маблағлардан 23 млрд сўми 2 359 та ҳолатда товар моддий бойликларни қиммат нархда харид қилиш, белгиланмаган мақсадларга маблағлар сарфлаш каби хато-камчиликлар аниқланди.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Сизларга маълумки, 2020 йилда ипотека бозорини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони билан бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди.

Маълумот учун. Жорий йилда давлат дастури параметрлари бўйича 2020 йилда умумий қиймати 8 184,1 млрд. сўмлик 30 006 та, шу жумладан янги тартибдоирасида умумий қийматишаҳар ва қишлой жойларда 5 287,0 млрд.сўмлик 17 750 та квартиралар қурилиши кўзда тутилган.

Паст даромадли ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш учун ипотека кредитлари бўйича 18 175 та субсидиялар ажратилиши ва ушбу мақсадлар учун давлат бюджетидан 889,0 млрд.сўмлик маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

Янги тартиб доирасида Молия вазирлиги томонидан ипотека бозорини узоқ муддатли ресурслар билан таъминлаш мақсадида тижорат банкларига бозор шартларида 20 йил муддатга депозит маблағлари ажратилмоқда.

Ипотека кредитлари тижорат банклари томонидан фуқароларга:

- уй-жойнинг жойлашган жойи ва майдонини мустақил танлаш ҳуқуқи берилган ҳолда;

- тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ва банк кредитлари ҳисобига қурилган бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларини сотиб олишга;

- бозор ставкасида, 20 йил муддатга, бир қарз олувчига ажратиладиган кредитнинг энг кўп миқдори белгиланган ҳолда ажратилмоқда.

Паст даромадли ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аҳоли қатламини бозор ставкасидаги ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратиш орқали манзилли қўллаб-қувватлаш тизими яратилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 1 майдаги ПҚ-4701-сон қарори билан карантин шароитида аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, хусусий пудрат ташкилотларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида улар томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган квартираларни ҳам сотиб олишга рухсат берилди ҳамда бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари оширилди.

Янги тартибни жорий этилиши билан қуйидагиларга эришилди:

- тақдим этилган самарасиз имтиёзлар сабабли давлат бюджетига кўп харажатли ҳисобланган уй-жой қуриш ва имтиёзли ипотека кредитлаш тизимидан бозор тамойилларига асосланган тизимга ўтилди;

- ипотека бозорини узоқ муддатли ресурс билан таъминлаш орқали банкларнинг тижорат ипотека кредитлари муддати
20 йилгача узайтиришга ҳамда фоиз ставкаларини ўртача
26-28 фоиздан 18-20 фоизгача мўътадиллаштирилди.

Молия вазирлиги ва 14 та тижорат банклари ўртасида 8,0 трлн.сўмлик ресурслар ажратиш бўйича бош битимлар тузилди. Ушбу битимлар доирасида 2020 йил 1 июль ҳолатига банкларга ажратилган 479 млрд.сўм маблағлар ҳисобидан фуқароларга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қурилган 1 628 та квартираларни сотиб олишга 328 млрд.сўм миқдорда ипотека кредитлари тақдим этилди.

Ажратилган ипотека кредитлари Тошкент шаҳрида 68 млрд сўмни, Самарқандда 55 млрд сўмни, Навоий вилоятида 40 млрд сўмни, Фарғона 34 млрд сўмни, Сурхондарёда 36 млрд сўмни ташкил қилди.

2020 йил 1 июль ҳолатига субсидия олиш учун 2 027 та ариза бўйича субсидия ажратиш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган.

Давлат бюджетидан 105 та фуқароларга ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал учун 2,6 млрд сўмлик субсидиялар тўлаб берилди.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
30 июлдаги ПФ-6038-сонли Фармони билан моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган 400 мингдан кўпроқ оилаларнинг 1,7 миллион нафардан ортиқ аъзоларига 220 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Ушбу мақсадлар учун 260 млрд сўм республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетларига ажратиб берилди.

Қурбон ҳайити байрами муносабати билан моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига («темир дафтар») киритилган оилаларни Республикасининг республика бюджетидан “Саховат ва кўмак” жамғармасининг ҳудудий бўлимларига 154 млрд сўм маблағ ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
26 августдаги ПҚ-4815-сон қарорига асосан 2020 йилнинг сентябрь ойида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг болаларини қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.

Бунда, бир марталик моддий ёрдам рўйхатга («темир дафтар») киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган 249 минг нафар болалари ҳамда 165 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болалари учун уларнинг ота-она (васий) ларига тўлаб берилмоқда.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада қўллаб-қувватлаш ҳамда стратегик инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси номидан ва унинг кафолати остида халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларидан узоқ муддатли имтиёзли кредит маблағлари жалб қилинмоқда.

Бироқ, мазкур ташқи қарз маблағларини ўз муддатида қайтариш бўйича Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимидаги қарздор корхоналар ва вилоят ҳокимликлари томонидан етарлича иш ташкил қилинмаганлиги ҳамда ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги туфайли ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан мунтазам равишда тўловларни бир неча ойлаб кечикиб тўлаш ёки умуман тўланмаслик ҳолатлари сурункали тус олган.

Эътиборлиси, мазкур корхоналар ҳисобидан тўланаётган қарздорликлар жами қарздорликнинг ўртача 25-30 % ини ташкил қилади. Қарздорликнинг асосий қисми давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Шундай бўлса-да, ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан ташқи қарздорликлар ўз муддатида тўланмаганлиги сабабли, жорий йилнинг 1 ярим йиллиги мобайнида қўшимча равишда Республика бюджети маблағлари ҳисобидан 34 млрд 906 млн. сўм маблағлар тўлаб берилди. Жумладан:

- “Бухоро сув таъминоти” МЧЖ учун 7 млрд 834 млн сўм;

- “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ учун 7 млрд 48 млн сўм;

- “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ учун 4 млрд 93 млн сўм;

- “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ учун 3 млрд 620 млн сўм;

- “Навоий сув таъминоти” МЧЖ учун 2 млрд 812 млн сўм;

- “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ учун 2 млрд 748 млн сўм;

- “Андижон сув таъминоти” МЧЖ учун 2 млрд 830 млн сўм;

- “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖ учун 1 млрд 828 млн сўм;

- “Сирдарё сув таъминоти” МЧЖ учун 1 млрд 796 млн сўм;

- “Хоразм сув таъминоти” МЧЖ учун 297 млн сўм.

Ҳурматли сенаторлар!

Айрим ҳудудларда белгиланган даромад режасини бажариш учун ҳисобот чорагининг охирги иш кунида солиқ тўловчи корхоналар томонидан бюджет даромадига ортиқча ёки нотўғри маблағлар ўтказилиши ва ҳисобот чорагидан кейинги ойининг дастлабки кунларида ушбу маблағларни солиқ тўловчи корхоналарга қайтариб бериш ҳолатлари кузатилмоқда.

Мисол учун, 2020 йил март ойи охирида бюджет даромадига ўтказилган 17 та ҳолатда тўланган жами 10 млрд сўмдан ортиқ маблағдан қарийб 5 млрд сўм (50%) қисми апрель ойининг дастлабки кунларида солиқ тўловчи корхоналарга қайтариб берилган.

Бундан ташқари, Давлат бюджетининг ғазна ижросини амалга ошириш жараёнида аксарият ҳудудларда Давлат харидлари тартиб тамойилларига мутлақо риоя қилмаган ҳолда товар (иш, хизмат) лар учун тегишли суд қарорларига асосан тўловларни амалга ошириш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Масалан, Узун тумани ҳокимлиги билан "LIKE ARTICOMFORT" ҳусусий корхонаси ўртасида Давлат харидлари тартиб тамойилларига риоя қилмаган ҳолда шартнома тузилиб тегишли Ғазначилик органидан рўйхатдан ўтказилмасдан Сариосиё туманлараро иқтисодий судининг қарорига асосан 133 млн. сўм маблағ ундирилган.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

2020 йилдан бошлаб консолидациялашган бюджет таркибига киритилган 18 та Давлат мақсадли жамғармаларининг жами даромадлари 15 трлн. 692 млрд. сўмни, харажатлари эса 16 трлн 988 млрд. сўмни ташкил этди.

Шундан, 2020 йил 1 - ярим йиллигида Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг даромадлари - 10,9 трлн.сўм бўлди, белгиланган йиллик прогнознинг – 46,3 фоизни ташкил қилди. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан - 1,6 трлн.сўмга ёки 13 фоизга камайган. Бу камайишнинг асосий сабаблари бўлиб давлат корхоналари учун ижтимоий солиқ ставкасининг 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилганлиги ва карантин чекловлари шароитида иш ҳақи фондининг камайиб кетиши ҳисобланади.

Пенсия жамғармасининг харажатлари 15 трлн. 233 млрд. сўмни ташкил этди ва республика бюджетидан 3,2 трлн. сўм трансферт ажратилди.

Бу эса ҳисобот даврида 3,7 миллион нафардан ортиқ фуқарога пенсия ва нафақа тўловларини ўз вақтида молиялаштирилиши ҳамда тўланишини таъминлади.

Шу билан бирга, 2020 йилдан бошлаб консолидациялашган бюджет таркибига киритилган Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси тушумлари 1 трлн. 975 млрд. сўм, харажатлари эса 3 трлн. 831 млрд. сўмни ташкил этди. Шундан 1 трлн. 14 млрд. сўм Сардоба сув омбори талофатларини бартараф этиш учун Давлат бюджетига ўтказилди.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари !

Хулоса қиладиган бўлсак, давлат бюджети 6 трлн. 722 млрд сўм миқдоридаги Давлат бюджети тақчиллиги қуйидаги манбалар:

3 трлн 423 млрд сўми – Давлат ғазначилик облигацияларини муомилага чиқариш натижасида келиб тушган;

3 трлн 299 млрд сўми - Халқаро молия институтларидан бюджетни қўллаб қувватлаш учун жалб қилинган маблағлар ҳисобидан қопланди.

Консолидациялашган бюджет даромадлари 71 трлн. 702 млрд сўмни, харажатлари эса 80 трлн. 594 млрд. сўмни ташкил этган ҳолда ЯИМга нисбатан 3,9 фоиз миқдорида тақчиллик билан ижро этилди.

Эътиборингизга ҳавола этилган маъруза ва тарқатилган маълумотлар Сизларга Давлат бюджетининг 2020 йил 1 - ярим йиллик ижроси юзасидан тўлиқ маълумот берди деб ўйлаймиз.

Сизлардан Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг 2020 йил 1 - ярим йиллик ҳисоботини тасдиқлаб беришингизни сўраймиз.

Эътиборингиз учун раҳмат !

Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

Поделиться