Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Елгавада Ўзбекистон – Латвия университетлараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2020-09-14 | Таълим
РИГА, 14 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Қадамбой Султонов Елгава шаҳрига сафари давомида Латвия қишлоқ хўжалиги университети (ЛҚУ) ректори Ирина Пилвере билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири.
Мулоқот чоғида ЛҚУ билан Ўзбекистоннинг ихтисослашган университетлари ўртасида илмий, ўқув, педагогик ва академик алмашинувларни янада ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Қатор тадқиқот йўналишлари бўйича университетлараро ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашилди.
ЛҚУ «The Times Higher Education World University Rankings 2021” рейтинги бўйича дунёнинг энг яхши университетлари қаторига киритилган Латвиянинг 3 та етакчи университетидан бири ҳисобланади.
Университетда «Вецауце» ноёб ўқув ва илмий-тадқиқот фермаси фаолият юритмоқда, у кўп тармоқли фермер хўжалиги бўлиб, уларда чорвачилик ва ўсимликларни етиштириш, хусусан, навли уруғларни парваришлаш, шу жумладан селекцияни қўллаб-қувватлаш, ҳайвонларда янги касалликларни аниқлаш бўйича тажрибалар ўтказиш имкони мавжуд.
ЛҚУ Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари билан фаол алоқаларни давом эттирмоқда. Хусусан, Тошкент давлат аграр университети (шу жумладан, Андижон филиали билан), Тошкент давлат иқтисодиёт университети (ТДУИ), Самарқанд ветеринария тиббиёти институти (СВТИ), Тошкент давлат молия университети, Тошкент давлат педагогика университети ва Бухоро давлат университети билан шартномалар имзоланган.
Ректор Ирина Пилвере бошчилигидаги ЛҚУ делегацияси 2019 йил октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатимизнинг қатор университетлари билан музокаралар ўтказди. Ўша йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги университетларининг 10 нафар ўқитувчиси USAID дастури доирасида ЛҚУда малака оширди. Бундан ташқари, 2018 йилдан бери “Эл-юрт умиди” жамғармаси дастур бўйича нафар ўқитувчи ҳам ЛҚУда малака ошириш имконига эга бўлганди.
Суҳбат давомида Ирина Пилвере "Озиқ-овқат хавфсизлиги ва инновациялар" ва "Рақамли технологиялар ва барқарор ривожланиш" йўналишлари бўйича СВТИ ва ТДИУнинг Самарқанд филиали билан "дуал диплом" дастурини онлайн равишда бошлашни режалаштираётганини маълум қилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги