Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Мотуридия таълимоти тадқиқоти –Ўзбекистонда диний соҳадаги ислоҳотларнинг ёрқин намунаси

2020-09-14 | Инновация

Республикамизда пандемия шароитда карантин эълон қилинганига қарамай, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга доир Давлат дастурлари доирасида бажариладиган амалий ва инновацион лойиҳалар танловлари онлайн тарзда ўтказиб келинмоқда.

Унда илмий фаолиятнинг илғор йўналишлари, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг эҳтиёжлари ва муаммоларидан келиб чиққан ҳолда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари асосида ишлаб чиқиладиган, молиявий ҳажми кўрсатилган, мавзу доирасида олинадиган якуний маҳсулоти аниқ акс эттирилган мунтазам равишда эълон қилинадиган, танлов асосида молиялаштириладиган илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳисобланган тематик илмий-тадқиқот лойиҳалари танлови етакчи ўринни эгаллайди. Танловнинг бу турида юздан ортиқ амалий ва инновацион лойиҳалар учун турли илмий-тадқиқот мавзулар эълон қилиниб, танловларга соҳанинг олимлари томонидан бир қатор лойиҳалар топширилмоқда.

Шундай танловлардан яқинда 18-тур эълонига топширилган лойиҳалар тегишли Илмий-техник кенгашларида муҳокама қилинди ва вазирлик Ҳайъатида молиялаштиришга тавсия этилди. Шуни таъкидлаш лозимки, кўпчилик олимларда ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича лойиҳаларнинг якуний натижаси аниқ маҳсулотга қаратилган бўлмайди, уни тижоратлаштириш қийин деган масала қийнайди. Лекин вазирлик бугунги кунгача йигирмадан ортиқ ижтимоий-гуманитар мазмундаги амалий ва инновацион лойиҳаларни молиялаштиришга тавсия этди, уларнинг аксарияти бир йиллик ҳисоботларининг мониторинги ўтказилди. Таҳлил натижалари ушбу лойиҳалар ҳам аниқ маҳсулот тайёрлаш йўлида ишлаётганини кўрсатди. Шундай лойиҳалардан бири “Тарих ва ижтимоий фанлар” бўйича эълон қилинган “Мотуридия таълимотига оид ақидавий матнларнинг академик таржима ва шарҳлари ҳамда уларнинг электрон кутубхонасини яратиш” мавзусига Халқаро ислом Акадмиясидан топширилган лойиҳа ҳам ижобий хулосага эга бўлди.

Бугунги дунё илмий жамоатчилиги жаҳон илм-фан ва ислом цивилизацияси ривожига ўз ҳиссасини қўшган мовароуннаҳрлик олимларнинг улкан хизматларини эътироф этмоқда. Бу борада бағрикенглик тамойилларини ўзида акс эттирган мотуридийлик таълимот асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳли-с-сунна” (“تأويلات أهل السنة”), “Китобу-т-тавҳид” (“كتاب التوحيد”) асарлари ўзига хос аҳамият касб этади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қадимий маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган юртимиз заминидан ўрта асрларда минглаб олиму уламолар, буюк мутафаккир ва шоирлар, азиз-авлиёлар етишиб чиққанлиги алоҳида таъкидланган.

Абу Мансур Мотуридий ўз асарларида динлар ўртасида тоқат, ҳурмат ва умуман ҳамкорлик руҳидаги алоқаларни шакллантириш, мустаҳкамлашни объектив зарурият деб билган. Олимнинг асарларида илгари сурилган динлараро сабр-тоқат, ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик руҳидаги алоқаларни шакллантириш, мустаҳкамлаш объектив зарурият деб баҳоланди. Бундай чуқур илмий ва назарий мулоҳазаларга асосланган қоидалар ва мезонлар маърифий исломни тушуниш ва ўрганишнинг муҳим шартидир.

Дунёда диний-эътиқодий ихтилофлар мураккаблашиб, якдил эътиқод сифатида шаклланган аҳли сунна ва-л-жамоа таълимотига ёт мутаассиб оқимларнинг фаолияти кучайиб бормоқда. Бундай ўзига хос мафкуравий кураш жараёнида соф ақида (عقيدة) ва калом (كلام) илмлари хулосаларига таяниш ҳамда глобаллашув шароитида бузғунчи ғоялар таъсирида мураккаблашиб, асл мазмун-моҳиятини йўқотаётган “имон”, “усулу-д-дин”, “тавҳид”, “такфир”, “тоғут”, “боғий” тушунчаларини ватандошимиз Абу Мансур Мотуридийнинг “Китобу-т-тавҳид”, Абул Муин Насафий (ваф. 507/1114 й.)нинг “Баҳру-л-калом”, Абу-л-Юср Паздавий (421-493/1030-1100 йй.)нинг “Усулу-д-дин”, Абу Ҳафс Насафий (461-537/1069-1142 й.)нинг “Ақоид” (“عقائد”), Абу-л-Баракот Насафийнинг “ал-Умда”, Усмон Ўший (569/1173 й.)нинг “Бадъу-л-амолий” асарлари орқали ёритиб бериш ўзига хос аҳамиятга эга. Мусулмон оламида муҳим ўринга эга мотуридийлик таълимотини чуқур таҳлилий ўрганиш, илмий-оммабоп рисолалар нашр қилиш, соҳага доир замонавий муаммоларни қамраб олган тадқиқотларни яратиш, ўқув қўлланма ва дарсликларни ишлаб чиқиш бугунги куннинг бирламчи вазифаларидан биридир.

Бугун ҳам ана шу эзгу ишлар давом этмоқда. Жорий йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда “ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш, “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш” асосий вазифалар қаторига киритилган.

Абу Мансур Мотуридий яшаган даврда бузғунчи оқим ва фирқалар, жумладан, муътазила, муржиия, мушаббиҳа, қадария, карромия, жаҳмия каби ўндан зиёд оқимлар ёшларга ва диний саводи етарли бўлмаган кишиларга такфир, тоқатсизлик, муросасизлик ғояларини сингдириб, жамиятни тафриқаланишига сабабчи бўлаётган эдилар. Абу Мансур Мотуридий томонидан такомиллаштирилган ҳанафийлик таълимоти ўзининг бағрикенглиги, муътадиллиги билан жамиятни бирлаштиришга, ёт ғояларни халқ орасидан сиқиб чиқаришга замин яратиб, мотуридийлик таълимоти сифатида олимлар эътирофига сазовар бўлди.

Президентимиз ташаббуси билан куни-кеча ташкил қилинган “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази” глобаллашув шароитида юзага келган турли ақидапараст оқимларнинг ғояларига қарши маънавий дастак бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, марказда классик матнлар таржима ва шарҳ қилиниши билан бир қаторда, ақида ва калом масаласига доир замонавий муаммоларни қиёсий ўрганиб, у бўйича тадқиқот олиб бориш, турли минтақалардан экспорт қилинаётган ақидавий ғояларни таҳлил қилиш, интернет орқали тарғиб ва ташвиқ қилинаётган деструктив оқим қарашларига раддия бериш олиб борилади.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига Марказда ноёб қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси белгиланган тартибда мақсадли илмий лойиҳаларга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Марказга маблағлар ажратилиш белгилаб қўйилган.
“Мотуридия таълимотига оид ақидавий матнларнинг академик таржима ва шарҳлари ҳамда уларнинг электрон кутубхонасини яратиш” мавзуида лойиҳа Ўзбекистон халқаро ислом академиси мутахассислари томонидан ютиб олинди ва айни бу лойиҳани Ўзбекистонда олиб борилаётган диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг яна бир намунаси сифатида бахолаш мумкин.

Лойиҳа доирасида мотуридийлик таълимотига оид ақидавий матнларнинг қўлёзма нусхалари, шарҳлари тадқиқ этилиб, уларнинг академик изоҳли таржималари яратилади. Бу, ўз навбатида, глобаллашув шароитида юзага келган ғоявий курашларга маънавий иммунитет бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида ўсиб келаётган ёшларни ҳаётнинг мураккаб сўқмоқларидан қоқилмай ўтишларига кўмак бўлувчи ўқув қўлланмалар, илмий-оммабоп рисолалар нашр қилиш мақсад қилинган.

Глобаллашув шароитида юзага келган мутаассиб оқимлар ўзларининг ғаразли мақсад ва ғояларини тарқатишда бугунги куннинг илғор замонавий технологияларидан фойдаланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва мобиль иловалар шулар жумласидандир. Масалан, “ИШИД” ўз сафини AMAQ информацион портали орқали йигирмадан ортиқ тилда тарғибот олиб бориши ҳисобига, тинимсиз кўпайтириб борганини кўриш мумкин. Шу жиҳатдан мовароуннаҳрлик мутакаллимларнинг ақоид илмига оид асарларини илмий асосда таҳлил ва тадқиқ этиш орқали жамоатчиликка соф ислом таълимотини очиб бериш талаб этилмоқда. «Жаҳолатга қарши – маърифат» ғояси асосида ёшларни бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида мотуридийлик таълимотидаги асосий матнларни ўзбек тилига таржима қилиш, замонавий шарҳлар ёзиш ҳамда уларнинг электрон дастурларини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Режалаштирилаётган лойиҳа доирасида мотуридийлик таълимотига оид ақидавий матнлар, уларнинг шарҳлари ва замонавий тадқиқотларни ўз ичига олган электрон кутубхона яратиш деструктив оқим ғояларига қарши раддиялар беришда мафкуравий қурол бўлиб хизмат қилади.

Мазкур лойиҳани бажариш орқали дунёда аҳли сунна вал жамоа таълимоти сифатида эътироф этилган, самарқандлик Имом Абу Мансур Мотуридий асос солган таълимотга тегишли ўнга яқин матнларнинг академик таржимаси ва замонавий шарҳларини яратиш ва уларнинг қўлёзма фондларида сақланаётган нусхаларини қиёсий таҳлил қилиш ҳамда уларнинг танқидий матнларини тузиш орқали жамоатчиликка мотуридийлик таълимоти асослари ҳақида батафсил маълумот бериш имкони яратилади. Шунингдек, уларда диний экстремизмга нисбатан иммунитетни шакллантиришда ҳамда ислом динига ёт ғояларга муросасизлик, тоқатсизлик хислатларини ривожлантиришда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Лойиҳа доирасида қуйидагиларни амалга ошириш белгилаб қўйилган:
Биринчи босқичда мотуридийлик таълимотига оид “ал-Фиқҳу-л-акбар”, “Усулу-д-Дин”, “Баҳру-л-калом”, “Умда”, “Бадъу-л-амолий” каби ақидавий матнларнинг қўлёзма нусхаларини тадқиқ қилиш орқали Ўзбекистонда илк бор уларнинг замонавий араб тилидаги нашри билан ўзбек тилидаги академик таржималарини яратиш мақсад қилинган. Ҳозирга қадар, Шайх Абдулазиз Мансур томонидан Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳу-л-акбар”, Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоиду-н-Насафий”, Усмон Ўшийнинг “Бадъу-л-амолий”, шунингдек, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан Абу-л-Муин Насафийнинг “Баҳру-л-калом” асари ўзбек тилида нашр этилган. Бироқ мазкур таржималарни амалга ошириш жараёнида араб тилидаги асл матн қўлёзма фондларда сақланаётган мавжуд манбалар билан қиёсий таққосланмаган.

Иккинчи босқичда ақидавий матнлар асосида мутаассиб оқимларнинг бузғунчи ғояларига қарши “Мотуридия таълимоти матнларида глобаллашув шароитида юзага келган деструктив ғояларга қарши курашнинг маърифий асослари” номли монография нашр этилади.

Учинчи босқичда “Зиё” медиа-маркази билан ҳамкорликда “Ақида мусаффолиги йўлида” номли туркум кўрсатувлар тайёрланиб, Ўзбекистон миллий телерадио компанияси телеканаллари орқали эфирга узатилади. Шунингдек, мотуридийлик таълимоти ақидавий матнларида кўтарилган турли бузғунчи ғояларга қарши раддиялар ҳамда ўсиб келаётган ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялашнинг илмий-амалий асосларини ўзида жамлаган мультимедиа дастури ҳамда мобил иловалари ишлаб чиқилади.
- Тўртинчи босқичда “ал-Фиқҳу-л-акбар”, “Усулу-д-Дин”, “Баҳру-л-калом”, “Умда”, “Бадъу-л-амолий” каби мотуридийлик таълимотига оид ақидавий матнлар ва уларнинг замонавий шарҳлари асосида электрон кутубхона яратилади.

Умуман олганда, лойиҳада режалаштирилган натижалардан Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистонданги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, қолаверса, республикадаги ислом манбашунослиги доирасида тадқиқот олиб борилаётган илмий марказларда фойдаланилади. Шунингдек, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, олий ўқув юртлари, ўрта махсус касб-ҳунар коллежларининг тарғибот ишлари ҳамда ёшларнинг турли хилдаги бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга қаратилган фаолиятларда кенг фойдаланилади.
Лойиҳа якунида мотуридийлик таълимотининг бирламчи манбаларини академик таржима ва шарҳлари нашр қилинади ҳамда улар асосида мобиль иловалар, электрон кутубхона ва мультимедиа дастур яратилади. Бу эса, мазкур тадқиқот натижаларидан маънавий-маърифий соҳаларда фойдаланиш билан бир қаторда, даромад олиш манбаи сифатида тижоратлаштириш имкони ҳам борлигини кўрсатади.

Абдулатиф Аллоқулов,
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги
“Тарих ва ижтимоий фанлар” бўйича
Илмий техник кенгаш аъзоси,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги

Поделиться