Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жиззах ва Сирдарё вилоятларида инвестиция, саноат ва экспорт фаолиятининг ўсишини рағбатлантириш бўйича вазифалар белгилаб олинди

2020-09-14 | Иқтисодиёт

Жорий йилнинг 12-13 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигида ҳамда вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларидан иборат экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг инвестиция, саноат ва экспорт имкониятларини ўрганиш ҳамда ҳудудларнинг мавжуд иқтисодий салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга қаратилган устувор чора-тадбирларни ишлаб чиқиш бўйича олиб борилган ишлар якунларини сарҳисоб қилди.

Тегишли ишчи гуруҳлари томонидан ушбу вилоятларда жойларга чиққан ҳолда 8 дан 13 сентябргача иш олиб борилди.

Ҳафта давомида корхоналарга борган ҳолда Жиззах вилоятида барча 2596 та, Сирдарё вилоятида эса 2103 та саноат объектларининг жорий ҳолати таҳлил қилинди.

Натижада ишлаб чиқариш фаолиятида муаммоларга дуч келган 598 та корхона аниқланиб, улардан 303 таси айланма маблағларни тўлдириш ва технологик ускуналарни сотиб олиш учун кредит ресурсларини  олиш, 97 таси мухандислик коммуникацияларига уланиш, 51 таси ишлаб чиқариш учун хом ашёга, 36 таси рухсат ҳужжатлари ва лицензиялар олишга муҳтож эканлиги аниқланди. Шунингдек, ер майдонларини ажратиш, олдиндан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларини қайтаришда ёрдам бериш, дебитор қарзларини тўлаш ва олдиндан олинган кредитлар бўйича тўловларни реструктуризация қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш зарур бўлган ҳолатлар ҳам аниқланди.

Аниқланган масалаларни зудлик билан ҳал этиш мақсадида манзилли қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш ва ишлаб чиқариш объектларини лойиҳавий қувватларига тезроқ олиб чиқиш бўйича масъулият юклатилган ҳолда иккала вилоятлардаги ҳар бир корхонага тегишли тармоқ идоралари ва бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда вилоят туман ва шаҳарлар ҳокимликлари раҳбарлари бириктирилди.

Ҳар икки вилоятнинг ҳудудий инвестиция дастурлари қайта кўриб чиқилди - ишлаб чиқаришнинг юқори суръатлари, экспорт ва яратилган иш ўринлари сони билан ажралиб турадиган иқтисодий нуқтаи назардан энг истиқболли инвестиция лойиҳалари танлаб олинди. Ушбу лойиҳаларни жорий йил охиригача фойдаланишга топшириш мақсадида уларнинг амалга оширилиши тезлаштирилади.

Жиззах вилоятининг ҳудудий инвестиция дастури 14,7 трлн сўмлик 608 та инвестиция лойиҳани қамраб олган, шундан 3,2 трлн сўмлик 433 та лойиҳа 2020 йилда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Оптималлаштиришдан сўнг қиймати 222,5 млрд сўм бўлган 15 та истиқболли лойиҳани фойдаланишга топшириш муддати 2021 йилдан 2020 йилга кўчирилди. Шунингдек, қиймати 68,6 млрд сўмлик 39 та янги иқтисодий жиҳатдан самарадор лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Сирдарё вилоятида жорий йил охирига қадар 10,4 трлн сўмлик 668 та лойиҳанинг амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Дастурни қайта кўриб чиқиш натижасида 132,9 млрд сўмлик 28 та юқори натижали лойиҳаларнинг амалга оширилиши 2020 йилга кўчирилди.

Ҳукумат комиссияси иши доирасида маҳаллий бозорларда юқори талабга эга ва маҳаллий саноат корхоналари томонидан фойдаланадиган маҳсулотларнинг импорт ўрнини босишга қаратилган бир қатор лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Жиззах вилоятида маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2020 йилда 312,7 млрд сўмлик 50 та лойиҳа, 2021 йилда эса 377,2 млрд сўмлик 4 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Ҳукумат комиссияси аъзолари томонидан қурилиш материаллари, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шунингдек, машинасозлик соҳаларида 339,6 млрд сўмлик 36 та импорт ўрнини босувчи қўшимча лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши саноат ишлаб чиқаришининг сезиларли ўсишини таъминлашидан ташқари 3 мингдан зиёд янги иш ўринларини яратади.

Сирдарё вилоятида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича олдин режалаштирилган 645,5 млрд сўмлик 34 та лойиҳага қиймати 145,3 млрд сўмлик 13 та қўшимча янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Икки вилоят саноатини кластерлаштириш йўналишида алоҳида иш олиб борилди - хусусан, Жиззах вилоятида озиқ-овқат, тўқимачилик, фармацевтика ва кимё саноати, шунингдек, қурилиш материаллари, чарм ва ипак маҳсулотларини ишлаб чиқариш каби 7 йўналишда 18 та саноат кластерини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу кластерларни яратиш натижасида қиймати 2,9 трлн сўмлик 37 та лойиҳа амалга оширилади ва 1,7 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қиймат занжирлари шакллантирилади. Бу ҳам қўшимча 5 минг янги иш ўринларини яратишга имкон беради.

Сирдарё вилоятида худди шу тамойил асосида тўқимачилик, чарм-пойабзал, балиқ етиштириш, озиқ-овқат ва фармацевтика тармоқларида қиймати 41 трлн сўмлик 23 та янги лойиҳа амалга оширилади.

"Ўзстандарт" Агентлиги Жиззах ва Сирдарё вилоятларида синов лабораториялари ва яратилаётган ишлаб чиқариш кластерларида ишчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларини ташкил этиш бўйича чоралар кўради.

Шунингдек, иккала вилоятдаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари жорий фаолиятининг таҳлили ўтказилиб, салоҳиятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Жиззах вилоятида ҳозирги кунда ҳудудида қиймати 209,5 млн долларлик 5 та лойиҳа амалга оширилган "Жиззах" ва ҳудудида 613,2 млн долларлик 5 та лойиҳа амалга оширилаётган "Зомин-фарм" эркин иқтисодий зоналари мавжуд. Шунингдек, вилоятда 12 та кичик саноат зоналари фаолият кўрсатади, уларнинг ҳудудида умумий қиймати 769,6 млрд сўмлик 67 та саноат объектларини амалга оширилиши режалаштирилган. Шу жумладан 208,8 млрд сўмлик 38 та лойиҳа ҳозирги кунгача амалга оширилди ва 600 та янги иш ўринлари ташкил этилди ҳамда жорий йилнинг охирига қадар 560,8 млрд сўмлик 29 та лойиҳани амалга оширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 8 та янги кичик саноат зоналари шаклланиш босқичидадир. Ҳозирги вақтда мавжуд бўлган ва яратилаётган кичик саноат зоналарини зарур инфратузилма билан таъминлаш учун йил охирига қадар 29,1 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Шунингдек, Ҳукумат комиссияси томонидан ҳудудида 30 та инвестиция лойиҳалари жойлаштириладиган 1 та қўшимча кичик саноат зонасини яратиш бўйича таклиф ишлаб чиқилди.

Сирдарё вилоятида "Сирдарё" эркин иқтисодий зонаси мавжуд бўлиб, унинг ҳудудида қиймати 163,9 млн долларлик 24 та лойиҳа амалга оширилди ва 3 мингта иш ўрни яратилди, шунингдек, ташкил қилинган 8 та кичик саноат зоналари ҳудудида жорий йилнинг охирига қадар 1,6 мингта янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган 32,2 млрд сўмлик 13 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу зоналарни жорий йил охиригача зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминлаш учун 21,2 млрд сўм ажратилади.

Жиззах вилоятида фаолият юритмаётган саноат корхоналарининг тикланиши ва янги инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши ҳисобига саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун қўшимча захиралардан фойдаланилади, бу саноат маҳсулоти ҳажмини 5,8 трлн сўмга ёки тасдиқланган кўрсаткичларнинг 119 фоизига етказишга имконият яратади. Шунингдек, бунинг ҳисобига 18 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади ва бюджетга 1,2 трлн сўм миқдорида солиқ тушумлари келиб тушиши таъминланади, бу тасдиқланган кўрсаткичларнинг 112 фоизини ташкил этади.

Сирдарё вилоятида Ҳукумат комиссияси фаолияти давомида ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши саноат маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмини 413 млрд сўмга ёки 101,2% ошириб, 7,9 трлн сўмгача етказиш ҳамда таҳминан 10 минг қўшимча ортиқ иш ўринларини яратиш ва бюджетга 721,9 млрд сўм миқдорида тушумларни таъминлашга имкон беради, бу эса тасдиқланган кўрсаткичларнинг 107,8 фоизини ташкил этади.

Мўлжалланган тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши устидан назорат Бош прокуратура томонидан доимий равишда амалга оширилади. Ҳар ойда ишлаб чиқилган дастурлар бажарилиши Ҳукумат комиссиясининг алоҳида йиғилишларида кўриб чиқилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться