Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бухорода зиёрат туризмини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кўздан кечирилди
2020-09-13 | Туризм
Бугунги кунда уч минг йиллик тарихга эга воҳамиз аждодлардан қолган бой маданий мероси билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Айни чоғда вилоятимиздаги 829 та моддий ва маданий мерос объекти, жумладан, 507 та меъморий обида, 287 та археологик ёдгорлик, 17 та монументал санъат намунаси ва 18 та диққатга сазовор жойлар давлат муҳофазасига олинган.
Жорий йилнинг 12 сентябрь куни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Фарход Умаров бошчилигидаги сектор раҳбарлари, соҳага дахлдор идоралар масъуллари биргаликда вилоятда зиёрат туризми ва ички туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг ижросини ўргандилар.
Сектор раҳбарлари бутун Ислом оламининг маънавий мулкига айланиб бораётган муқаддас қадамжоларимиз — "Етти Пир" силсиласи ва уларда олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш, уларни замон талабларига мувофиқ реконструкция қилиш ва ушбу табаррук қадамжоларни боғловчи янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишларини кўздан кечириш мақсадида, дастлаб, Ғиждувон туманида жойлашган "Ҳожа Абдухолиқ Ғиждувоний", сўнгра, Шофиркон туманидаги "Ҳожа Ориф Ревгарий", Вобкент туманидаги "Ҳожа Маҳмуд Фағнавий", Ромитан туманидаги "Ҳожа Али Ромитаний" ва "Ҳожа Бобойи Самосий", шундан сўнг Когон туманида жойлашган "Ҳожа Саййид Амир Кулол" ва "Ҳожа Баҳоуддин Нақшбанд" меъморий мажмуаларида бўлдилар.
Маҳаллий иқлим мураккаблигини инобатга олган ҳолда ҳар бир қадамжо атрофини ободонлаштириш масаласида вилоят Ўрмон хўжалиги бошқармасига алоҳида талаб қўйилди.
Шунингдек, келгусида мажмуага имом-хатибларни жалб этиб, уларга алломаларимиз маънавий меросини ёш авлодга чуқур ўргатиш, халқимизга етказиш бўйича топшириқлар берилди.
Назорат тартибида ўрганилган барча тарихий-меъморий обидаларимиз — муқаддас қадамжоларимизга ташриф марҳумлар хотирасига Қуръон тиловат қилиш билан бошланиб, ҳар бир зиёратгоҳда шинам музей, "Poykent – Bukhoro" туркумидаги замонавий меҳмонхона, чойхона, эсдалик буюмлар ва китоб савдоси расталари билан биргаликда ўзига хос яхлит инфратузилмани яратишга, ҳар бир қадамжо миллий меъморчилик анъаналаримизга мувофиқ кўркам қиёфа касб этиши ва албатта, атрофини сўлим манзарали боққа айлантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги