Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Она тилим - азиз тилим
2020-09-12 | Маданият
Маълумки, мамлакатимизда 21 октябрь куни ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 31 йил бўлaди. Албатта, ўтган давр мобайнида она тилимизнинг софлигини асраб-авайлаш, уни ривожлантириш, бой тарихи ва жозибаси билан келажак авлодга етказиш борасида қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилди ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш, иш юритишни давлат тилида ташкил этишга биринчи раҳбарларнинг шахсан масъул эканлиги белгиланиб, барча давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси мутасадди раҳбарлари томонидан ҳам бошқарма ва божхона постларида малакали ходимлар ва мутахассислардан иборат таркибда ишчи гуруҳлар тузилиб, мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тегишли буйруқ, фармойиш, кўрсатма ва дастурларнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги бўйича тўлиқ хатловдан ўтказилиши, ҳужжатларнинг давлат тилида қатъий юритилишини таъминлаш юзасидан назорат ишлари йўлга қўйилган.
Шахсий таркибнинг ўзбек тили бўйича билимини ошириш борасида ҳам қатор ташкилий ва амалий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижоди ҳақида маънавий-маърифий тадбирлар, ҳужжатли фильмлар намойиш этиш, “Тилини асраган – элини асрайди” мавзуида вилоятда фаолият юритувчи устоз-мураббийлар, шоиралар иштирокида кечалар, ўзбек тили мавзуида иншолар ўтказилиб келинмоқда.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ислоҳ этилаётган жамиятимизда ўз маданиятимиз, азалий қадриятларимиз, она тилимизни асраб-авайлашимиз ҳар биримизнинг олдимизда турган яна бир муҳим вазифа эканлигини унутмаслик лозим.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси