Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Туризмни ривожлантириш ва барқарор маданий меросни асрашга йўналтирилган давра суҳбати бўлиб ўтди
2020-09-12 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Жаҳон банки билан ҳамкорликда барқарор маданий мерос ва туризмни ривожлантиришга йўналтирилган виртуал давра суҳбатини ўтказди.
Унда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов, Жаҳон банки ваколатхонаси раҳбари в.б. Винаяк Нагараж ҳамда манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва халқаро экспертлар иштирок этишди. Тадбирда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишида туризмнинг ўрни ва мамлакатнинг бой маданий меросини асрашга оид масалалар муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон раҳбарияти туристик фаолиятнинг барча субъектларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган кенг ва манзилли чораларни кўрмоқда. Туризм соҳасини тиклашга доир тўғри ва самарали стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда чет эллик сайёҳларга секин-асталик билан эшикларни очиш мақсадида БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO)нинг тавсиялари, халқаро экспертларнинг фикрлари ва хорижий ҳамкорлар тажрибаси ўрганилди.
Умуман олганда, тан олиш керакки, бугунги кунда пандемия билан боғлиқ инқирозни қисқа фурсатларда енгиб ўтиш учун туризм соҳаси ҳар қачонгидан кўра кўпроқ бирдамлик, тезкор реакция ва узвий ҳамкорликка муҳтож. Ҳозирда дуч келаётган мисли кўрилмаган ҳодисалар туризм секторининг барча даражаларида соҳа иштирокчиларидан янгича ёндашув ва қарорлар заруратини намойиш этади”, - деди Улуғбек Азамов.
Давра суҳбати иштирокчилари коронавирус (COVID-19) пандемиясининг туризм саноатининг ривожланишига салбий таъсирини юмшатишга оид халқаро илғор тажрибаларни ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан пандемия таъсирига учраган сайёҳлик бизнеси билан шуғулланувчи маҳаллий компаниялар ва жисмоний шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича татбиқ этилаётган чораларни таҳлил қилишди.
Шунингдек, экспертлар турли мамлакатларнинг маданий меросларини (шу жумладан меъморчилик ва ёдгорликларни) табиий ва техноген хатарлардан сақлаш бўйича тажрибаси ҳамда бу борадаги сиёсатни такомиллаштиришда Ўзбекистон шаҳарларидаги маҳаллий ҳокимият органлари учун зарур бўлган кўникмаларни муҳокама қилишди. Жаҳон банки мутахассислари 2020 йилнинг ёзида Табиий офатлар хавфини камайтириш ва йўқ қилиш глобал жамғармаси кўмагида тайёрланган "Ўзбекистон: барқарор маданий мерос ва барқарор туризмни ривожлантириш" ҳисоботини тақдим этишди.
Хулосалар ва тавсиялар давра суҳбати давомида муҳокама қилинди. Бундан ташқари, тадбир иштирокчиларига "Ўзбекистонда ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳаси доирасида Наманган вилоятининг Чортоқ, Бухоро вилоятининг Когон ва Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳарлари маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Лойиҳа номлари келтирилган шаҳарлардаги маҳаллий инфратузилмани, жамоат жойларини ва коммунал хизматларни такомиллаштириш каби асосий мақсадлардан ташқари, маданий мерос объектларини сақлаб қолиш ва юқорида айтиб ўтилган шаҳарларда маҳаллий сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги