Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкент вилоятида иссиқлик электр станцияси: Туркиянинг Cengiz Enerji 2022 йилга келиб ИЭС қуради
2020-09-11 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Туркиянинг Cengiz Enerji энергетика компанияси билан ўтказилган музокаралар давомида Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа бўйича келишувга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковнинг жорий йилнинг июль ойида Туркия Республикасига амалга оширилган ташрифи давомида эришилган эди.
ИЭС қурилиши 150 млн долларгача бўлган миқдорда Туркиянинг тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, қурилиш пайтида 500 янги иш ўринлари ва ИЭСдан фойдаланиш вақтида 100 иш ўринлари яратиш, йилига 2 миллиард кВт.с миқдорида арзон электр энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлаш имконини беради. Бу, ўз навбатида, республика энергия балансини диверсификация қилиш ва электроэнергия ишлаб чиқаришга сарфланадиган табиий газ истеъмолини сезиларли даражада камайтириш учун имкониятлар яратади.
Учрашув якунлари бўйича Cengiz Enerji ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида Инвестицион битим, шунингдек, “Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари” АЖ билан турк компаниясидан 25 йил муддатга электр энергиясини сотиб олиш бўйича Битим имзоланди.
Қурилиш ишларини шу йил охиригача бошлаб юбориш, ҳамда қурилиш бошланганидан сўнг 12 ойдан кечиктирмай тайёр объектни ишга тушириш режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги