Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Покистон Ислом Республикаси Бош вазири билан учрашув бўлиб ўтди
2020-09-11 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумат делегациясининг ташрифи доирасида Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковнинг Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида томонлар савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш механизмлари, шунингдек, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш ва пандемиянинг ҳар икки мамлакат иқтисодиётларига салбий таъсирини камайтириш бўйича кўрилаётган долзарб чоралар тўғрисида фикр алмашдилар.
Минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга ўзаро тайёрлик қайд этилди. Саноат кооперацияси соҳасида қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш ва ўзаро савдо айирбошлаш ҳажмини ошириш мақсадида икки мамлакат ишбилармон доираларини бир-бирига яқинлаштириш бўйича самарали амалий чоралар кўриш учун имкониятлар яратадиган инвестиция ва савдо соҳасида ишга солинмаган улкан салоҳиятнинг мавжудлиги таъкидланди.
Икки мамлакат ишлаб чиқарувчиларининг истиқболли экспорт бозорларига киришини осонлаштирадиган транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантиришнинг кейинги қадамлари бўйича келишиб олинди. Томонлар тўғридан-тўғри ўзаро юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида Ўзбекистон ва Покистонни боғлаши мумкин бўлган трансафғон темир йўлларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларининг амалий жиҳатларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, икки мамлакатнинг маданий-гуманитар соҳасида ҳамкорлигини фаоллаштириш учун имкониятлар муҳокама қилинди, бу умумий маданий-тарихий меросни ҳар томонлама ўрганиш ҳамда тарғиб ва ташвиқ этиш орқали ҳар икки мамлакат халқларининг бир-бирига яқинлашишини таъминлашга имкон беради.
Минтақавий ҳамкорликнинг кун тартиби ва қўшма инфратузилмавий, энергетика ва транспорт-логистика соҳасидаги лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилиш учун Покистон Ислом Республикасини “Афғонистон - Ўзбекистон - АҚШ” уч томонлама форматдаги музокараларга жалб қилишнинг истиқболлари алоҳида кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш мақсадида кўп қиррали Ўзбекистон-Покистон мулоқотини давом эттириш ва кенгайтириш тўғрисида келишувга эришдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги