Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий форумининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
2020-09-10 | МДҲ
Жорий йилнинг 9 сентябрь куни видеоконференция шаклида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Иқтисодий форумининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда Ҳамдўстлик мамлакатларининг иқтисодий ва савдо идоралари раҳбарлари қатнашди. Ўзбекистон Республикаси номидан Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибига савдо-иқтисодий, инвестиция ва саноат соҳасида ҳамкорлик билан боғлиқ масалаларнинг кенг кўлами киритилди. Иштирокчилар кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма ташаббусларни илгари суришда Ҳамдўстликнинг алоҳида ролини бир неча бор таъкидладилар. Улар Форумни коронавирус пандемияси фонида жаҳон иқтисодиёти ўзгараётган бир пайтда МДҲ фаолиятининг иқтисодий устуворликларини ишлаб чиқиш ва барқарор ривожланиш масалаларини ҳал этиш ҳамда минтақавий ва глобал даражадаги долзарб муаммоларга қарши чоралар кўриш бўйича ниҳоятда муҳим ва самарали платформа деб ҳисоблашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Тадбир доирасида пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш ва Ҳамдўстлик мамлакатларида иқтисодий фаолликни рағбатлантириш бўйича ҳамкорлик механизмлари юзасидан конструктив фикр алмашилди.
Шу нуқтаи назардан инвестициявий ҳамкорликни ва ўзаро савдони ривожлантириш, шунингдек, транспорт-коммуникация алоқаларини тиклашга қаратилган инқирозга қарши қўшма дастурларни ишлаб чиқишда мамлакатлараро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.
Пандемия даврида бизнес оламининг салмоқли кисмини, энг муҳим давлат ва таълим хизматларини онлайн режимга ўтказиш тажрибаси ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг улкан салоҳиятини ҳамда иқтисодиёт ва жамиятнинг тараққий этиш жараёнларини жадал равишда рақамлаштириш заруриятини кўрсатганлиги таъкидланди.
Шу муносабат билан Ҳамдўстлик мамлакатларининг МДҲ маконида рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат соҳасида ҳамкорлик қилишнинг қўшма дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди. Бу савдо, молия ва инвестициялар, транспорт, божхона-тариф тартибга солиш, миграция ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни тубдан такомиллаштириш имконини беради.
Машинасозлик, энергетика, электротехника, тўқимачилик ва фармацевтика саноати, қишлоқ хўжалиги каби устувор йўналишларда саноат кооперациясини мустаҳкамлашнинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, транспорт - коммуникация соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва мазкур йўналишда минтақавий аҳамиятга эга қўшма лойиҳаларни амалга ошириши стиқболлари муҳокама қилинди, бу эса МДҲ маконининг транзит салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш имконини бериб МДҲга аъзо давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, иштирокчилар МДҲга аъзо мамлакатларнинг ҳудудлари ўртасидаги инфратузилмани ривожлантириш ва алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар ва шу муносабат билан ўзаро манфаатли лойиҳаларни молиялаштириш учун МДҲ Инфратузилмавий ривожланиш жамғармасини ташкил этиш ташаббусини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция ва саноат алоқаларини фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистон ташаббуси билан мунтазам равишда “Тадбиркорлик ташаббуслари ҳафталиклари” ташкил этилади ва бу Ҳамдўстликка аъзо давлатларга иқтисодий ҳамкорлик масалалари ечимларига кўп томонлама форматда ёндашиш имконини беради.
Учрашув якунида иштирокчилар МДҲда узоқ муддатга мўлжалланган кўп қиррали савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни изчил ривожлантиришни таъминлаш мақсадида муҳокама этилган йўналишлар доирасида амалий ҳамкорликка ўтишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги