Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

2020-09-09 | Ҳужжатлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг фаолиятини самарали ташкил этиш, унинг таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи фондини доимий равишда бойитиб бориш, ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва келажак авлод учун архив ҳужжатлари ва ашёларни сақлаб қолиш, ёшларни юксак гуманизм ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг:

Мудофаа вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклидаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси (кейинги ўринларда – Мажмуа) фаолиятини Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Сағбон кўчаси манзилида ташкил этиш;

Мажмуа ҳудудида Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти, Ҳарбий оркестрлар хизмати, Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамблини бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш;

Мажмуа ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Мажмуанинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

Иккинчи жаҳон уруши жангларида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш;

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш;

Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, фронт ортидаги меҳнат қаҳрамонликлари, юртимизга эвакуация ва депортация қилинган турли миллат вакиллари, хусусан, болаларнинг бағрикенглик билан кутиб олиниши ва уларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиши сингари тарихий воқеаларни акс эттириш орқали ёш авлоднинг маънавий оламини юксалтириш ва кекса авлод билан ворисийлик туйғусини кучайтириш, юксак гуманизм, она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш;

халқимизнинг тарихий хотира билан яшаб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, шунингдек, мазмунли дам олиши билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари, ижодий кечалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

Иккинчи жаҳон уруши даврига оид хорижий музей экспозициялари ва архивлари фондларини ўрганиш, Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини илмий асослаш учун мақсадли, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш;

“Шон-шараф” давлат музейи фондлари ва экспозицияларини Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш;

Иккинчи жаҳон урушига оид музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш, янгиларини аниқлаш, тўплаш, улар ҳақидаги маълумотларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва илмий истеъмолга киритиш;

уруш даврида юртдошларимизнинг жанговар ва фронт ортидаги фидокорона хизматларини акс эттирадиган тарихий хотирани мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасалари билан ҳамкорликда Мажмуада очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари ўтказишни, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини ташкил этиш;

Мажмуада туристлар, тадқиқотчилар ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва унинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи экспозициясини такомиллаштиришда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш ҳамда ноанъанавий кўргазмалар яратиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу йўналишдаги чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;

аҳолига маданий-дам олиш хизматларини кўрсатиш.

3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси, Қуролли Кучлар давлат музейи, Қуролли Кучлар ашула ва рақс ансамбли ҳамда Мудофаа вазирлигининг Ҳарбий оркестрлар хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарали бошқариш мақсадида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси – “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бошлиғи лавозими жорий этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Белгилансинки:

а) Мажмуани сақлаш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади;

б) “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармаси қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

Мажмуага ва унинг объектларига кириш учун чипталар сотиш, унинг мулкини ижарага бериш, шартномага мувофиқ кўргазмалар ташкил этишдан ва бошқа хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилган ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

в) Мажмуага ташриф буюриш учун бир марталик чипта нархи Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.

6. Зарур ҳолларда Мажмуага, унинг фаолиятини ташкил этиш учун тегишли базавий лавозим маоши бўйича соатбай меҳнатга ҳақ тўлаш асосида бошқа мутахассисларни жалб этишга рухсат берилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда Мажмуа ҳудудида Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази биносини қуриш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

уч ой муддатда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Белгилаб қўйилсинки:

Мажмуа фаолиятини ташкил этиш учун зарур штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ажратилади;

Мажмуа Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисобварақларига ҳамда хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эга бўлади;

Мажмуа бошлиғи Ўзбекистон Республикаси маданият вазири билан келишилган ҳолда мудофаа вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи юридик шахс мақомига эга бўлган муассаса ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ўз мақомига, ходимлар (ҳарбий хизматчилар) меҳнатига ҳақ тўлаш (пул таъминоти) шартларига кўра Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг бош бошқармасига тенглаштирилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Мажмуанинг 2021 йилдан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари лойиҳаларини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритилишини ва илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ танловлар асосида Мажмуа илмий лойиҳаларига белгиланган тартибда маблағлар ажратилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзархив” агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги янги маълумотларни, Мажмуада олиб борилаётган илмий-маърифий, оммавий-маданий тадбирларни ўзида атрофлича акс эттирадиган китоб-альбом тайёрлаб, ҳар йили 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида нашр этишни йўлга қўйсин.

11. Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк Ғалабага қўшган муносиб ҳиссаси ҳақидаги китоб-альбомни тайёрлаш ва нашр этиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардияси, Давлат божхона қўмитаси:

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти фахрийларининг қаҳрамонлигига оид материалларни тўплаш ҳамда Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи фондида сақланаётган экспонатлар ва маълумотлар асосида илмий тадқиқотлар олиб бориш ва Мажмуа фондини доимий равишда бойитиш ишларини амалга оширсин;

Республика олий ва олий ҳарбий таълим муассасалари талабалари (курсантлари), магистрантлари ва докторантлари томонидан уруш йилларига оид илмий-тадқиқот ишлари олиб боришларини ташкил этсин, ушбу мақсадда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси объектларида алоҳида ўқув хоналари ажратсин;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда мавзуга оид бадиий, илмий-оммабоп китобларни нашр этсин;

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабада ўзбек халқининг муносиб ҳиссасини келгуси авлодлар хотирасида сақлаб қолиш учун режалаштирилган тадбирларни доимий равишда ўтказилишини таъминласин;

Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг бурчакларини яратиш бўйича ишларни ташкил этсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Мажмуа ички ҳудуди ва объектларининг қўриқланиши ва ёнғин хавфсизлигини, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия Мажмуага туташ бўлган ташқи ҳудудларнинг кеча-кундуз қўриқланишини таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Мажмуанинг мурожаатига асосан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Мажмуанинг мурожаатига асосан унинг белгиланган тартибда телекоммуникация ва юқори Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланишини таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги икки ой муддатда:

а) Маданият вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:

Мажмуага кириш чипталарининг онлайн савдосини ташкил этиш;

хорижий тилларда онлайн гид ва онлайн экскурсия ўтказиш тизимини жорий этиш;

“Шон-шараф” давлат музейининг замонавий сайтини яратиш ҳамда унда “3D” ва “360о” форматидаги фотоальбомни шакллантириш ва жойлаштириш чораларини кўрсин.

б) Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” давлат музейи ҳудудида миллий эсдалик совғалари маҳсулотлари ҳамда музейда сақланаётган ашёлар нусхаларининг савдосини ташкил қилсин.

17. Белгилансинки, Мажмуа ҳудудида эсдалик совғалари маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи ҳунармандлар фақат ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотади ва “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги”га киритилади.

18. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2020 йил 1 октябрга қадар Мажмуани белгиланган тартибда қабул қилиб, тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштирсин ва уни барча мол-мулки билан оператив бошқариш ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида топширсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

бир ой муддатда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда Мажмуани юқори малакали кадрлар билан таъминласин;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Мажмуага ички ва ташқи сайёҳларни кенг жалб этиш чораларини кўрсин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ҳамкорликда Мажмуада ўтказиладиган маданий ва маърифий тадбирларга таниқли ёзувчилар, шоирлар, ижод мактаблари ўқувчилари, шонли тарихимиз ва маданиятимиз бўйича мутахассисларни, ҳарбий ансамбль ва оркестрлар ҳамда бошқа мусиқа ва санъат вакилларини кенг жалб қилиб борсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Давлат божхона қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази Мажмуага тегишли таълим муассасалари таълим олувчиларини кенг жалб қилган ҳолда Иккинчи жаҳон уруши йиллари тарихи ва ватанпарварлик мавзуларида доимий равишда машғулотлар ўтказилишини ташкил этсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3726-сон қарори 2-бандининг “б” кичик бандидаги “жойлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари” сўзлари “ўринлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонлари” сўзлари билан алмаштирилсин.

22. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги уч ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

23. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси − Спичрайтери Х.М.Султонов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В.Махмудов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                             Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 9 сентябрь

 
 

Манба: ЎзА

Поделиться