Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбек боксчиларининг шонли ғалабалари давом этади
2020-09-09 | Спорт
Куни кеча Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ташкил қилинган профессионал бокс кечасида ҳамюртимиз Равшан Маҳамаджонов улкан муваффақиятга эришди. Ёш боксчимиз WBC YOUTH камари учун кечган жангда украиналик Волдомир Гордиенкога қарши рингга кўтарилиб, рақибини мағлубиятга учратди.
Таъкидлаш жоиз, WBC YOUTH профессионал боксда иштирок этаётган 23 ёшгача бўлган чарм қўлқоп усталари учун жаҳон чемпионлик камари ҳисобланади. Регламентга кўра, чемпионлик жанги 8 раундга мўлжалланган эди ва унда Маҳамаджонов яққол устунлик намойиш қилди.
Ҳамюртимиз ушбу ғалабадан сўнг бугун Тошкентга қайтиб келди. Боксчимизни кутиб олиш маросимида МОҚ номидан Бош котиб Ойбек Касимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси вакиллари, спортчимизнинг яқинлари ва мухлислар иштирок этди.
Маълумот учун, Равшан Маҳамаджонов 1999 йил Тошкентда таваллуд топган. 2017 йилдан профессионал боксга кириб келган. Ёш боксчимиз шу пайтгача 10 та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Равшан Мамажоновнинг келгуси фаолиятида ҳам улкан муваффақиятлар тилаб қолади.
Манба: Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси