Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Адлия вазирлиги коррупцияга қарши кураш бўйича ISO 37001:2016 халқаро сертификатини қўлга киритди. Бунга қандай эришилди?

2020-09-09 | Жамият

Ушбу сертификат вазирлик фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олади. ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификати коррупция ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш, зарур чораларни кўриш ҳамда коррупция хавфини камайтиришга йўналтирилган мақбул ва аниқ мезонли чора-тадбирларни назарда тутади.

Муваффақият формуласи

Адлия вазирлиги ушбу сертификатни қўлга киритиш учун нималар қилди?

Вазирлик коррупцияга қарши ўз формуласини ишлаб чиққан ҳолда, бу масалага нисбатан комплекс ёндашди. 2018 йилнинг охирида вазирлик томонидан 2019 йилни шартли равишда кадрлар ва коррупцияга қарши кураш йили деб эълон қилинди. Шу муносабат билан иккита муҳим ҳужжат: кадрлар билан ишлаш ва коррупцияга қарши кураш дастурлари ишлаб чиқилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг илғор тажрибаси ва амалиёти ушбу дастурлар асосини ташкил этди.

Масалан, ходимлар фаолиятида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тизими жорий қилинди. Ходимларнинг манфаатлар тўқнашуви бўйича декларациялари базасини тузиш йўлга қўйилди. Адлия органлари ва муассасаларида кадрларни танлаш, ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш, аттестациядан ўтказиш, нотариусликка танлов, юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш бўйича суҳбатдан ўтказишнинг мутлақо шаффоф тизими ўрнатилди. Меҳнат шартномаларига коррупцияга қарши нормалар киритилди.

Очиқ ва шаффоф ишлаш - коррупцияга қарши курашнинг муҳим омилидир. Яна бир дастур - «Open Justice» (“Очиқ адлия”)нинг ишга туширилиши сабаби ҳам ана шу. У жамоатчиликни вазирлик фаолияти (ходимларни ишга қабул қилишдан тортиб, унинг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотларгача бўлган) ахборотлар билан таништиришнинг янги ёндашуви ва механизмларини ўз ичига олади.

Биринчи босқич: жамоатчиликни жалб қилиш ва очиқлик

Дунё тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, учта ўзаро боғлиқ соҳа – кадрлар, коррупцияга қарши кураш ва шаффофлик – борасида ўзгариш қилмай туриб, ҳеч қандай давлат органини ривожлантириб бўлмайди.

Вазирлик коррупцияга қарши курашиш стратегиясининг биринчи босқичи 2019 йилнинг 1-ярмида амалга оширилди. Бунда Адлия вазирлиги коррупция хавфлари ва фактларини, ходимларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши ёки зарур пайтда ҳаракатсизлиги ҳолатларини аниқлаш мақсадида кенг жамоатчиликни ёрдамга чақирди. Шу боис, адлия органлари ва муассасаларида фуқароларга аудио ва видео ёзув воситаларидан фойдаланишга рухсат берилди. Жамоатчилик назорати ходимларнинг жавобгарлигини ошириш имконини берди.

Вазирлик ҳузурида коррупцияга қарши кураш кенгаши ташкил этилди. Коррупция хавфларини баҳолаш услуби тасдиқланди, коррупция хавфига мойил бўлган функциялар (ваколатлар) ва лавозимлар рўйхати тузилди. Адлия органлари ва муассасалари фаолияти бўйича ўтказилган изчил таҳлиллар нафақат коррупция хавфига мойил бўлган йўналиш ва соҳаларни аниқлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик бўйича ўз вақтида самарали чораларни қабул қилиш имконини ҳам беради.

Telegram мессенджерида аҳоли томонидан адлия органлари ва муассасаларида юз бераётган коррупция ҳуқуқбузарликлари ҳақида тезкор хабар бериш имконини яратиш мақсадида махсус @antikorbot боти ишга туширилди. Ўтган вақт давомида @antikorbot орқали 2,5 мингдан зиёд хабарлар келиб тушди. Хизмат текшируви якунларига кўра, 20 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, тўрт нафарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Шу билан бирга, адлия органлари ва муассасалари ходимларининг меҳнат интизоми, ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни сифатли бажариши устидан доимий назорат ўрнатиш мақсадида 2019 йилда 1 801 та қисқа муддатли текширувлар ўтказилди. Натижада, 160 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди. “Сирли мижоз” бўйича ўтказилган 1 344 та тадбирлар якунида яна 380 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди.

Интернет тармоғида нотариуслар бўш иш ўринларига танловлар онлайн-трансляция қилиниши янгиликлардан бири бўлди. Бу билан, биринчидан, ходимларни саралаб олишнинг максимал шаффофлигига, иккинчидан, виждонли мутахассисларни нотариус лавозимига ишга тайинлашга эришилди.

Иккинчи босқич: комплаенс назорат ва идора сиёсати

Бунда Сингапур, Франция, АҚШ, Германия ва Латвия тажрибаси, халқаро ташкилотлар ҳисобот таҳлиллари ва тавсиялари ўрганилди. Улар асосида таҳлилий материаллар тайёрланди ва идора дастурига тузатишлар киритилди.

Биринчи босқич якунлари бўйича эришилган натижалар, бажарилган ишларнинг танқидий таҳлили кучли ва заиф томонларни аниқлаш, иккинчи босқич учун ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга ёрдам берди.

Иккинчи босқич 2019 йилнинг июль ойидан 2020 йилнинг август ойларини қамраб олди. Бу вақтда қандай ишлар амалга оширилди?

Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсати ишлаб чиқилди, унда адлия органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашнинг асосий йўналишлари ва ёндашувлари белгиланди. Шу билан бирга, вазирлик тизимида коррупцияга қарши комплаенс назоратни жорий этиш бўйича чоралар ҳам қабул қилинди.

Идоранинг комплаенс тизими касбий ва ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, қонунчилик ва ички тартиб-қоидаларни бузиш хавфини камайтириш ҳамда катта моддий зарарни бартараф этишни кўзловчи огоҳлантирувчи ва профилактик чора-тадбирларни ўз ичига олади.

БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда адлия органлари ва муассасаларида “KPMG International” компаниясининг халқаро экспертларини жалб этган ҳолда, коррупцияга қарши комплаенс назоратни жорий этиш бўйича лойиҳа амалга оширилди. Биринчи навбатда, тизим доирасида вазирлик ва унинг муассасаларига юклатилган функцияларни бажаришда коррупция хатарлари хавфи даражаси (492 та) бўйича баҳоланди ва таснифланди. Сўнгра уларнинг таъсирини камайтириш бўйича ҳуқуқий ва ташкилий чоралар қабул қилинди. Хусусан, вазирликнинг 10 дан зиёд ички ҳужжати (коррупцияга қарши курашиш сиёсати, коррупция тўғрисидаги хабарлар билан ишлаш регламенти, хавфларни баҳолашнинг услубий асослари) тубдан янгиланди, вазирликда коррупцияга қарши курашиш бўлими ташкил этилди.

Адлия органлари ва муассасалари фаолиятида коррупцияга қарши курашиш механизмлари жорий этилди. Хусусан, ходимлар изчил ўқитилмоқда, ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги кўникмаларини ривожлантириш мақсадида янги e-study.adliya.uz платформаси ишга туширилди. Коррупция ҳуқуқбузарликлари ва жиноятлари минимал даражага туширилди.

Масалан, 2019 йилда адлия органлари ва муассасаларининг 6 нафар ходимига нисбатан жиноий жавобгарлик иши қўзғатилган бўлса, уларнинг 
4 нафари коррупция жиноятлари бўйича ишлар бўлган. 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида эса 2 та жиноят қайд этилди.

Ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатишнинг шаффоф тизими: 
шикоятлар сони 4 баравар камайди

Ходимларни саралаб олиш ва ишга тайинлаш, уларни аттестациядан ўтказиш ва моддий рағбатлантиришнинг шаффоф тизими йўлга қўйилди. Бўш иш ўринларига ходимларни ишга қабул қилиш ва тайинлаш бўйича ўтказилган танловларда 3900 нафар номзод иштирок этди. Ушбу танловлар кенг жамоатчиликнинг онлайн назорати остида ўтказилди. Танловлар якунига кўра, 1 300 нафар киши турли лавозимларга ишга тайинланди. Ходимлар самарадорлигини баҳолаш жараёни автоматлаштирилди, кадрлар бошқаруви бўйича электрон тизим ишлаб чиқилди. 2020 йилнинг ўтган даврида ходимларни ишга қабул қилиш ва уларни ишдан озод этиш билан боғлиқ шикоятлар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 4 бараварга камайди.

Ходимларнинг фуқаролар, бошқа ташкилотлар ходимлари, жумладан турли жойлар ва хорижий мамлакатларга уюштириладиган хизмат сафарлари давомида совғалар олиши тақиқланди. Хорижий сафарлар давомида олинган совғалар, вазирликка ўтказилади.

Бундан ташқари, давлат харидлари соҳасида ҳам контрагентларни текшириш амалиёти жорий қилинди, тузиладиган шартномаларга коррупцияга қарши шартларни мажбурий киритиш тартиби ўрнатилди. Тизимда коррупция ҳуқуқбузарликлари тўғрисидаги фактлардан хабардор қилиш ва аниқланган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ташкилий база кучайтирилди. @antikorbot Telegram-боти билан бирга “ишонч телефони” ва вазирлик веб-сайтида махсус мурожаат шакли самарали қўлланилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг амалий натижаси – адлия органлари ва муассасаларида фаолият юритаётган ходимларнинг ҳатти-ҳаракатларига нисбатан шикоятлар сонининг кескин камайгани бўлди. 2019 йилнинг биринчи ярмида 1 119 та ана шундай шикоят келиб тушган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бундай шикоятлар сони 672 тани ташкил этди.

Бу борадаги комплекс ишлар ҳали давом этмоқда. Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши сиёсатида назарда тутилган чора-тадбирларни тўлиқ амалга ошириш орқали органлар ва муассасаларни коррупциясиз соҳага айлантириш устувор вазифалардандир.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Поделиться