Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистондаги АҚШ ва Европа Иттифоқи дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари билан онлайн маслаҳатлашувлар ўтказилди
2020-09-09 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ўзбекистондаги АҚШ ва Европа Иттифоқи дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари билан Республиканинг пахта ва тўқимачилик соҳаларини ислоҳ қилишда ҳамкорликнинг истиқболлари муҳокамасига бағишланган онлайн маслаҳатлашувлар ўтказди.
Хорижий ҳамкорлар пахта етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва пахта териш жараёнларини механизациялаш, шунингдек, ишчиларни мавсумий пахта йиғим-теримига жалб қилишда бозор механизмларига изчил ўтиш орқали мамлакат ҳукумати томонидан пахта саноатини замонавийлаштириш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирларни юқори баҳоладилар. Жумладан, 2019 йилда Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида пахта йиғим-теримини механизациялаш даражасини ошириш дастури ишга туширилди ва бу амалиёт Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам кенгайиш истиқболларига эга.
Хорижий дипломатлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорларга кўра, бу соҳани ислоҳ қилиш йўналишидаги яна бир ютуқ - пахта хом ашёсига давлат буюртмасининг бекор қилиниши бўлди. Бу пахта бозорида нархнинг эркин шаклланиш механизмларини жорий этиш ва бу соҳада хусусий секторнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини беради.
Тўқимачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирларини яратиш ва пахта хом ашёсини экспорт қилишдан юқори қўшимча қийматга эга тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга ўтиш йўлида эришилган сезиларли ютуқлар таъкидланди. Шу билан бирга, кластер ишлаб чиқариш тизимидан фойдаланиш ҳам кенгайиб бормоқда – Ўзбекистонда илк бор 2017 йилда ташкил этилган пахта кластерларининг сони бугун 75 тага етди.
“Cotton Campaign” коалицияси ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалалари бўйича конструктив мулоқот ўрнатиш ва тўқимачилик соҳасида таъминот занжирининг шаффофлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам юқори баҳоланди.
Маслаҳатлашувлар жараёнида масъулиятли пахта ишлаб чиқариш бўйича умумэътироф этилган саноат стандартларини жорий этиш, мамлакат тўқимачилик саноатини ислоҳ қилиш юзасидан узлуксиз ҳисобот бериш ва ишлаб чиқариш циклининг барча даражаларида шаффофликни ошириш тизимини яратиш ҳисобига халқаро бозорда ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг жозибадорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш доирасида келгусида ҳамкорлик қилишнинг истиқболлари ҳақида фикр алмашилди.
Тадбир якунларида муҳокама этилган йўналишлардаги ҳамкорлик доирасида томонларни қизиқтирган масалаларни биргаликда муҳокама қилиш учун доимий фаолият кўрсатаётган платформа яратиш бўйича келишувга эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги