Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Велоспорт бўйича мусобақага старт берилди
2020-09-08 | Спорт
Хабарингиз бор, мамлакатимизда карантин талаблари юмшатилгач, бошқа соҳаларда бўлгани каби жисмоний тарбия ва спорт бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар қайтадан йўлга қўйилди.
Жумладан, шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб Ватанимиз Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишлаб бир қатор спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилмоқда.
Бугун, 8-сентябрь куни велоспорт бўйича мусобақа старт олмоқда. Эътиборлиси, велопойгачилар карантин давридан сўнг илк бор шосседа ўзаро беллашадилар.
Мусобақанинг бугунги баҳсларида спортчилар яккалик пойга бўйича мусобақалашади. Регламентга кўра, яккалик пойгалар барча ёш тоифаларида 20 км масофада бўлиб ўтади.
Эртага эса велоспортчилар гуруҳ пойгаси баҳсларида ким энг кучли эканлигига ойдинлик киритишади. Гуруҳ пойгасида эркаклар ўртасидаги баҳслар 83 км масофада, аёллар ўртасидаги баҳслар эса 41 км масофада ўтказилади.
Мусобақа Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида бўлиб ўтмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги