Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ва Корея миллий полиция агентлиги ўртасида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди
2020-09-08 | Хавфсизлик соҳаси
Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Корея Республикасидаги Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи ҳамда Корея миллий полиция агентлиги Халқаро ҳамкорлик бош бошқармалари ўртасида ўтказилган видеоконференцияда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Видеоконференция давомида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги узвий алоқалар кундан-кун кенгайиб, мустаҳкамланиб бораётганлиги, яқин давр ичида икки мамлакат раҳбарлари иштирокида олий даражадаги ташрифлар ҳамда учрашувлар бўлиб, кўплаб соҳаларда ўзаро манфаатли келишувларга эришилганлиги, жумладан, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Корея миллий полиция агентлиги ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси билан яқин ҳамкорлик муносабатлари ҳам ривожланиб бораётганлиги таъкидлаб ўтилди.
Шу билан бирга, томонлар жамоат хавфсизлигини таъминлаш, эксперт-криминалистика фаолиятини амалга ошириш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, бошқа ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва икки томонлама тажриба алмашиш юзасидан амалий ташрифларни ташкил этиш ҳамда ҳамкорликнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаиш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашиб, истиқболдаги режаларни келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги