Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Латвияда Ўзбекистон халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик буюмларини сотишга ихтисослашган марказ ташкил этилмоқда
2020-09-07 | Маданият
РИГА, 7 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчихонаси кўмагида «Armas» компанияси манзилига сопол, пичоқ, чўяндан ишланган қозон ва ўзбек миллий ҳунармандчилигининг бошқа буюмларидан иборат оғирлиги 20 тоннадан ортиқ юк етказиб берилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Маҳсулотлар Наманган ва Фарғона вилоятларидаги машҳур халқ амалий санъати усталари томонидан тайёрланган.
Элчихона маълумотига кўра, «Armas» компанияси Латвия бозорида 1994 йилдан буён ишлаб келмоқда. Бу тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчилар учун қурилиш, боғлар ва уй-рўзғор буюмларини сотишга ихтисослашган компаниядир. Компания Европа, Америка, Яқин Шарқ ва бошқа минтақаларга ўз маҳсулотларини сотади. «Armas» ўзининг онлайн платформаси орқали маҳсулотларни сотишда катта тажрибага эга. Унинг Рига шаҳрида омборлари, шунингдек, ташриф буюрувчи ва харидорларга маҳсулот намуналарни намойиш қилиш учун махсус кўргазма зали мавжуд.
«Armas» раҳбари Артур Мартинкевичс билан Ўзбекистондан миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини мунтазам равишда олиб кириш, улар ҳажми ва турларини кўпайтириш, шу жумладан компаниянинг онлайн платформасидан фаол фойдаланиш ва келажакда ўзбек маҳсулотларини нафақат Латвияда, балки бошқа Европа мамлакатларида ҳам сотиш бўйича келишувга эришилди.
Латвия компанияси раҳбари коронавирус инфекцияси тарқалиши билан дунёда вазиятнинг оғирлашишига қарамай, ўзбек маҳсулотларини узлуксиз етказиб беришини ва Ўзбекистоннинг янги савдо бозорларини ривожлантиришга бўлган интилишини юқори баҳолади. Пандемия шароитида ташқи савдо ва ички экспортнинг изчил ўсишини таъминлашга қаратилган ўзгаришлар ҳам қайд этилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ амалий санъатини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали халқимиз тарихий анъаналари ва бой маданий меросини тўлиқ сақлаб қолишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. 2019 йил 28 ноябрда Президент Шавкат Мирзиёев «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ушбу муҳим ҳужжатда мамлакатда ҳунармандчиликни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш билан бирга, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари олдига ҳунармандлар маҳсулотларини чет элда намойиш этиш ва сотишда ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш вазифалари қўйилди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги