Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қорақалпоғистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг жорий ҳолати ўрганилди
2020-09-07 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 2-6 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков бошчилигидаги ва вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг жорий ҳолати ҳамда инвестиция ва инфратузилмавий лойиҳалар амалга оширилишини жойларга чиққан ҳолда ўрганиш бўйича иш олиб борилди.
Ташриф давомида тадбиркорлар ва инвестиция лойиҳаларининг ташаббускорлари билан мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишнинг самарали алгоритмларини ишлаб чиқиш бўйича манзилли учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, инфратузилма ва ижтимоий объектларнинг бугунги ҳолати таҳлили ҳам амалга оширилди ва унинг натижасида масъул раҳбарларга ҳар бир объектдан келгусида фойдаланиш бўйича ўз харажатларини ўзи қоплашига эришиш ва аҳолини ижтимоий хизматлар билан кенг қамраб олишни назарда тутувчи комплекс стратегияларни ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳудудда инвестиция ва саноат соҳасида фаолликни ошириш борасида келгусидаги қадамлар муҳокама қилинди - масъул раҳбарларга мавжуд хом ашё салоҳияти ва саноат қувватларига асосланган қўшимча қиймат занжирларини шакллантириш учун оптимал шароит яратишга қаратилган тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш топширилди. Шу нуқтаи назардан лойиҳа таклифларини ишлаб чиқишда жалб қилинган инвестициялардан сезиларли иқтисодий самарага эришиш имконини берадиган “иқтисодий ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва улардан фойдаланишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Инвестиция жозибадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан бири бўлган инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва янги лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш топширилди.
Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш ва маҳаллий аҳолини жумладан, касаначилик асосида саноат кооперациясини йўлга қўйиш орқали барқарор даромад манбаи билан таъминлаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди.
Ташриф якунлари бўйича тегишли вазирлик, идора, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига тадбиркорлик фаолиятини юксалтириш, тармоқлараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва қўшимча иш ўринлари яратишга қаратилган аниқ кўрсатмалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги