Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Дўстлик туманида мактаблар фаолияти ўрганилди
2020-09-07 | Таълим
Жиззах вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 2020-2021 ўқув йилига тайёргарлик жараёнларини ўрганаётган Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Дўстлик туманида давом эттирди.
Таъкидлаш лозимки, пандемия шароитида умумтаълим масканларида ўқув жараёнларини бошлаш бўйича ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра Дўстлик туманидаги 85,3 фоиз ота-она таълимни анъанавий, 14,7 фоизи эса онлайн шаклда ташкил этишни ёқлаб овоз берган.
Шу боис айни пайтда тумандаги мавжуд 20 та умумтаълим мактабида ўқув жараёнларини пандемия шароитида ташкил этиш борасида зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, таълим муассасаларидаги мавжуд ўқув хоналари, изоляция ва тиббиёт хоналарини антисептик воситалар, хлор эритмаси ва пирометр билан таъминлаш, ўқувчилар ва педагог-ходимларнинг соғлигини ҳимоялаш мақсадида барча ташкилий чоралар кўрилган.
Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги 1-, 2-, 5-, 12-, 14-, 18-, 20-умумтаълим мактабларида бу борада амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишарканпандемия шароитида ўқув жараёнларини санитария талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш, антесептик воситалардан тўғри ва оқилона фойдаланиш бўйича ўқитувчиларга зарур тавсиялар берди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари билан биргаликда тумандаги 12- ва 20-умумтаълим мактабларида онлайн таълим олиш истагини билдирган ўқувчиларнинг оилаларида ҳам бўлиб, уларга уйда таҳсил олишлари учун яратилган шароитларни атрофлича ўрганди.
Бундан ташқари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва вилоят бошқармаси масъул ходимлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда Дўстлик туманидаги Алишер Навоий ва Ғафур Ғулом номли маҳаллаларда “Аёллар дафтари”га киритилган ишсиз хотин-қизларнинг муаммолари ижобий ҳал этилишига кўмаклашилди.
Жумладан, 11 нафар хотин-қизларга кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди, 22 нафарига туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ҳудуддаги корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринлари таклиф этилди.
Шунингдек, 2 нафар ишсиз хотин-қизнинг хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, уларга ўрта махсус таълим муассасаларида ўқиш таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг телеграмдаги расмий саҳифаси