Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эртаклар оламига саёҳат: “Bukhara Desert Oasis & SPA” тематик масканининг очилиш маросими бўлиб ўтди
2020-09-04 | Туризм
Бухоро вилоятининг Ромитан туманида “Bukhara Desert Oasis & SPA” тематик сайёҳлик масканининг расмий очилиш маросими ўтказилди. Тантанали тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг табрик сўзларини ўқиб эшиттирди.
“Бугун юртимизда туризм соҳасини пандемия шароитига мослаштирган ҳолда ривожлантиришнинг долзарб чоралари кўрилмоқда. Бу борада Республика махсус комиссиясининг 12 августдаги қарорига мувофиқ, 15 августдан бошлаб автотранспорт воситалари ҳаракати, маҳаллий авиа ва темир йўл қатновига рухсат берилиб, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, пляжлар, хостеллар ва бошқа дам олиш масканлари фаолияти тиклангани сайёҳлик учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Қисқа муддатда фойдаланишга топширилаётган ушбу объект тез фурсатда маҳаллий ва хорижий меҳмонларнинг севимли жойига айланиб улгуради”, - дея барчани янги тематик масканнинг очилиши билан қутлади Улуғбек Азамов.
Тадбирда қатнашган Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров ушбу лойиҳа ҳеч бир сайёҳни бефарқ қолдирмаслигини таъкидлади: “Бухорода туризмни ривожлантириш бўйича 2017 йил 19 майда Президентимизнинг алоҳида қарорлари қабул қилинган. Шу қарор доирасида белгиланган вазифалар орасида Бухоронинг нафақат тарихий қисмида, балки қишлоқ жойлари ва чўл ҳудудларида ҳам туристик объектларни барпо этишни йўлга қўйишга эътибор қаратилган. Мана бугун шу вазифалар ижросига гувоҳ бўляпмиз. Бу – янги йўналиш, янги туристик маҳсулот десак, муболаға бўлмайди. Бу каби объектлар илгари бўлмаган ва ишончимиз комилки, у ҳар бир меҳмоннинг кўнглидан жой олади”.
Очилиш маросимида шунингдек, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров, Инновацион туризм кластери ғоя муаллифи Туйғун Бобоев, арт директори Наргиза Марзаулукова, “Safari Vogue” МЧЖ раҳбари, инновацион туризм кластери ижрочи директори Насриддин Файзиев ва бошқа мутасадди раҳбарлар қатнашди. Бундан ташқари, тадбир доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ОАВ вакиллари учун инфо-тур ташкил этилди.
Маросим доирасида маълум қилинишича, Бухоро вилоятида бугунга қадар жами 8550 ўринга эга 366 жойлаштириш воситаси, 121 сайёҳлик компанияси ва 125 та сайёҳлар ташриф буюрувчи объектлар фаолият юритиб келмоқда. “Bukhara Desert Oasis & SPA” шулар қаторида энг саёҳатбоп масканлардан бирига айланиши кутилмоқда. “Bukhara Desert Oasis & SPA” мажмуаси ушбу ҳудуднинг 10 гектар майдонини эгаллаган бўлиб, қўшимча 30 гектар майдонда агро-эко боғлар ва иссиқхоналар барпо этилган. Объектнинг биринчи босқичида - 500 нафар, кейинги босқичларида эса бир вақтнинг ўзида 1000 нафардан ортиқ дам олувчи ва сайёҳларни қабул қилиш имконияти яратилади.
Эътиборлиси, бу тематик дам олиш маскани маҳаллий аҳолини 100дан ортиқ янги иш ўрни билан таъминлайди. Шунингдек, сайёҳлик объектида ўрта асрлардаги Бухоронинг тарихий манзаралари - Варахша терассаси, Сардоба, карвонсарой мажмуаси, пляж, ҳозирда 80 ўринга мўлжалланган ўтовлар, миллий ва Европа таомлари ресторанлари, тиббиёт бурчаги, соғломлаштириш маскани, спорт ўйингоҳи, от спорти майдони, автотураргоҳ, квадрацикллар, от ва туяларда саёҳат, электромобиль, жип каби турли қўшимча хизматларни ҳам ўз ичига олади.
Ушбу эртакнамо масканга ташриф буюрувчилар учун очиқ табиат қўйнида ажойиб театрлаштирилган томошалар ва кўнгилочар шоу дастурлари намойиши йўлга қўйилган бўлиб, бу меҳмонларнинг хотирасида бир умрга муҳрланиб қолиши шубҳасиз. Таҳллиларга кўра, 2019 йилда Бухорога ташриф буюрган сайёҳлар оқими қарийб, 3,5 бараварга биргина хорижий туристлардан вилоят иқтисодиётига 130 млн. доллардан зиёд тушум кузатилган, бу эса 4 йил аввалги кўрсаткичга (25 млн.долл.) нисбатан 5 бараварга кўп демакдир.
Шундай экан, сердаромад туризм ривожида зарур инфратузилма барпо этилиши, янги туристик йўналиш ва хизмат турларининг кўпайиши муҳимдир. Шу боис Бухородаги жойлаштириш воситалари ҳам уч маротабага ортиб, айни пайтда жами 366 та, шундан 151 та меҳмонхона, 36 та хостел, 179 та оилавий меҳмон уйлари фаолият юритмоқда. Нафақат Бухоронинг тарихий қисми, балки қишлоқ туманлари ва чўл ҳудудларида ҳам туризм ривожи авж олмоқда.
Хусусан, Бухоро яқинидаги Тўдакўл сув ҳавзаси қирғоғида яқинда иш бошлаган “Пляж туризми” маскани, Қорақир, Оғитма, Шўркўл, Зикри, Девхона, Хадича кўллари бўйида туризм объектлари ташкил этилгани, “Жайрон” экотуризм қўриқхонаси, Олот тузли сув ҳавзаси ва қум барханлари атрофида туристик хизматлар кириб келиши бунга ёрқин мисол бўлади. Буларнинг бари Ўзбекистонда туризм турларини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини ошириш баробарида маҳаллий аҳолини қўшимча ишчи ўринлари билан таъминлаш ва шу орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш имконини беради.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги