Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Республикамиз бўйлаб бўш иш ўринлари ярмаркалари ўз ишини бошлади
2020-09-04 | Жамият
Коронавирус пандемияси дунёнинг қарийб барча мамлакатлари аҳолиси турмуш тарзига у ёки бу даражада таъсир кўрсатди. Айрим соҳалар ҳатто жиддий инқироз ёқасига ҳам келиб қолди.
Шу сабабли дунё меҳнат бозори ҳамда юртимиздаги вазият ва ишсизлик масалалари нафақат бугунги пандемия даврида, ундан кейин ҳам энг кўп эътибор қаратиш ва вазиятни яхшилаш учун жиддий чоралар кўриш лозим бўлган соҳа бўлиб қолади.
Шуларни эътиборга олган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан банд бўлмаган аҳоли учун анъанавий меҳнат ярмаркалари ўтказиш йўлга қўйилди. Бугун ҳам Андижон вилояти Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, туман ҳокимияти, прокуратураси ҳамда “Ёшлар иттифоқи” Қўрғонтепа туман Кенгаши билан ҳамкорликда “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
Мазкур ярмаркада 58 та корхона 69 та бўш иш ўринлари билан иштирок этди. Ярмаркада жами 50 нафар ишсиз фуқаро қатнашди.
Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси давомида 50 нафар фуқаролардан 20 нафари аёллар, 12 нафари ёшлар, 2 нафари ҳарбий хизматдан қайтганлар, 14 нафари касб-ҳунар коллежи битирувчилари, 7 нафари чет давлатлардан қайтиб келганлар, 3 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келганлар, 12 нафари турли тоифадаги ишсизларни ташкил этиб, уларнинг 42 нафарига тумандаги корхона, ташкилот ва фермер хўжаликларига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди. Бундай ярмаркаларни ҳудудлар бўйлаб ҳам давом эттириш режалаштирилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги