Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзбекистонда мавсумий ишчиларни адолатли ишга ёллаш” ўқув-тренинглар натижалари
2020-09-03 | Жамият
Халқаро меҳнат меъёрларини белгилаб қўйишда Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенция ва тавсиялари алоҳида аҳамиятга эга.
Шундан келиб чиқиб, ХМТ эркин, адолатли ва хавфсиз меҳнатни ташкил қилиш, бир ишчининг меҳнати қадрли деган тамойилларни илгари суради.
Халқаро меҳнат ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Бюроси экспертлари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари марказий аппарати иштирокида “Ўзбекистонда мавсумий ишчиларни адолатли ишга ёллаш” мавзусида 24 августдан 2 сентябрга қадар Фарғона, Жиззах, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ташкил этилган видеоконференцалоқа шаклидаги ўқув-тренинг машғулотларида ушбу тамойиллар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шу билан бирга тадбирга, мазкур тренингларни ўтказиш бўйича Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш комиссияси раиси Нарбаева Танзила Камаловна томонидан тасдиқланган режа жадвалга мувофиқ республикамиз бўйлаб давлат ташкилотлари раҳбарлари, фермер хўжаликлари ва пахта тўқимачилик кластерлари раҳбарлари, адлия органлари ходимлари, Давлат меҳнат инспекцияси ходимлари, Касаба уюшмалари Федерацияси вакилларини жалб қилинди.
Мазкур ўқув-тренинг машғулотларини Адолатли ишга ёллаш ассоциацияси президенти ва ижроси директори Шарон Уэксман ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Нодир Якубов очиб берди.
Тадбирда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, яъни пахта йиғим-терими ишларини фақатгина пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан жойлардаги жамоат ташкилотлари кўмаги асосида амалга оширилишини таъминлаш, ушбу ишларга маҳаллий ижро ҳокимияти вакиллари аралашувининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ХМТга аъзо давлатлар қаторига қўшилган, бугунги кунгача ушбу ташкилотнинг 17 конвенциясия ва 1 та протокол ратифицикация қилган. Хусусан, Мажбурий меҳнат тўғрисида, Қирқ соатлик иш ҳафтаси ҳақида, Байрам кунларига ҳақ тўлаш ҳақида, Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида, Бирлашиш эркинлиги ҳақидаги, Бажарилган меҳнат учун бир хил маош тўлови ҳақидаги, Оналикни ҳимоя қилиш ҳақидаги, Мажбурий меҳнатни йўқотиш тўғрисидаги, Дискриминация ҳақидаги, Бандлик сиёсати ҳақидаги, Меҳнаткашларнинг вакиллари ҳақидаги, Коллектив шартномалар ҳақидаги, Ишга олишда минимал ёш ҳақидаги, Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлаш ва зудлик билан чоралар кўриш ҳақидаги конвенциялар шулар жумласидандир.
Ўқув-тренинг машғулотлари иштирокчилари йиғим-терим мавсумида кластер хўжаликларида ишчиларни қонуний ёллаш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди ҳамда тадбир сўнггида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги