Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жорий йил 1 октябрдан бошлаб, алоқа операторлари билан биргаликда рақамни сақлаган ҳолда мобил операторни ўзгартириш тартиби ва шартлари ишлаб чиқилади
2020-09-03 | Технологиялар
Бугунги кунда Оммавий ахборот воситалари ва, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан Ахборот технологиялари соҳаси бўйича бир қатор саволлар ва мурожаатлар келиб тушмоқда.
Шундан келиб чиқиб, бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 3 сентябрь куни куни брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Матбуот котиби Шерзод Ахматов бугун энг кўп берилаётган саволлар ва мурожаатларга жавоб берди.
Ижтимоий тармоқларда жорий йил 1 октябрдан мобил телефон рақамини ўзгаришсиз бошқа мобил компанияга ўтказиш мумкинлиги тўғрисида ўқидим! Яъни агар мен Uzmobile абоненти бўлсам телефон рақамимни ўзгаришларсиз айнан шу кўринишда коди билан бирга бошқа мобил оператори абоненти сифатида расмийлаштиришим мумкинми?
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳақиқатдан ҳам ижтимоий тармоқларда жорий йил 1 октябрдан бошлаб абонентлар бошқа уяли алоқа компаниясини танлаганда ҳам телефон рақамини сақлаб қолиши мумкин бўлиши ҳақида хабарлар тарқалганди.
Жорий йил 1 октябрдан мобил телефон рақамини сақлаган холда бошқа алоқа компаниясининг хизматларидан фойдаланилмайди. Бироқ шуни айтиб ўтишим мумкун бундай имконият яқин келажакда пайдо бўлиши кутилмоқда.
«Ижтимоий тармоқларда бу каби гап-сўзларнинг тарқалишига “Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилгани, ҳужжатга кўра, мобил алоқа оператори ўзгарганда рақамлари ўзгармай қолиши ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган. Мазкур норматив ҳужжат жорий йил 31 июль куни қабул қилинган бўлса-да, 1 октябрдан кучга кириши белгиланган. Яъни ҳужжат кучга кирди деганда, унда келтирилган хизматлар ҳам ўша заҳоти кучга кириши кўрсатилмаган.
Ушбу ҳужжат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган ҳамда вазирликнинг тегишли буйруғи билан тасдиқланган. Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Бир компаниядан бошқа компанияга ўз мобил рақами билан ўтиб, янги абонент сифатида ўша компания хизматларидан фойдаланиш дунё тажрибасида бор.
Қабул қилинган ҳужжатга асосан, ўзбекистонлик абонентларга ҳам ана шундай имкониятини тақдим этиш ҳаракатлари бошланди. Яъни шу пайтгача бу борада ишларни бошлаш учун ҳуқуқий асос йўқ эди.
Жорий йил 1 октябрдан бошлаб, алоқа операторлари билан биргаликда рақамни сақлаган ҳолда мобил операторни ўзгартириш тартиби ва шартлари ишлаб чиқилади. Бу жараёнда аҳолига алоқа хизматларини кўрсатиб келаётган мобил операторларнинг қонуний ҳуқуқ-манфаатларига устуворлик берилади.
Шундан сўнг 2020-2021 йилларда мобил алоқа операторлари томонидан зарур инфратузилма тайёрланади, керакли жиҳоз ва қурилмалар сотиб олинади. Бу ҳақда мобил алоқа операторлар билан муҳокамалар чоғида бир қарорга келинади.
Моддий-техник база ва меърий ҳужжатлар яратилганидан сўнг, исталган алоқа компаниясидан бошқасига ўзингиз ишлатиб юрган рақамингизни сақлаган ҳолда ўта оласиз. Масалан, сиз UMS ёки Beeline мижозисиз, уларга тегишли перификсни сақлаган ҳолда бошқа компания, дейлик, Ucell ёки Uzmobile'га ўтишингиз мумкин бўлади.
Бу барчамиз учун жуда яхши қулайлик бўлади. Қайси ҳудудда бўлсангиз, қайси мобил компанияси яхши хизмат кўрсатса, сизда бошқа компания рақами бўлса ҳам, яхши хизмат кўрсатаётган компаниянинг хизматларидан фойдаланасиз.
Биз бу хизматларни мувофиқлаштирувчи вазирлик сифатида, аҳолига алоқа хизматларини тақдим этувчи тадбиркорнинг ҳам, истеъмолчиларнинг ҳам манфаатини бирдек ҳисобга олишимиз керак. Вазирлик ички ҳужжатлари билан тасдиқланган режага кўра, 2021 йил охиригача мазкур тизимни амалиётга тўлиқ жорий этиш режалаштирилган. Бу дегани мазкур иш 2021 йилнинг декабригача чўзилади, дегани эмас; одатда режа тузилганда турли омилларни инобатга олиб узоқроқ муддат белгиланади. Бироқ кўпинча ишлар муддатидан олдинроқ, ҳатто анча олдин бажарилиши тажрибамизда кўп кузатилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги