Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон туризми тарғиботи бўйича National Geographic вакиллари билан музокаралар ўтказилди
2020-09-03 | Туризм
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг мутахассиларидан иборат жамоа ва Канаданинг National Geographic телеканали Режалаштириш бўлими бошлиғи, саёҳат контентлари бўйича стратег Катерина Солт ҳамда Саёҳат йўналишида ҳамкорлик бўлими директори Ниту Кэмбой ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Иккинчи маротаба ўтказилган ушбу учрашувда National Geographic мутахассислари томонидан Ўзбекистон туризм салоҳиятини ушбу телеканал ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёритиш бўйича таклиф этилган режа муҳокама қилинди.
Маълумот учун: National Geographic телеканали дунё бўйлаб жуда кенг аудиторияга эга бўлиб, 172 давлатда ўз кўрсатувларини намойиш этади, шунингдек, телеканалга тегишли бўлган журнал дунё бўйлаб 37 тилда чоп этилиб, 63 миллион ўқувчи ушбу журнални доимий равишда кузатиб боради.
Аввалги учрашувда тарафлар Ўзбекистонга ташриф буюрувчи асосий давлатлар (Туркия, Япония, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Франция, Германия, Испания) ва галдаги навбатда туризм маҳсулотларини янги бозорларда (АҚШ, Канада, Австралия, Бразилия, Польша, Мексика, Норвегия) тарғиб қилиш масаласини муҳокама қилишди ҳамда телеканал ходимлари ўзларининг статистик маълумотлар билан ўртоқлашишди.
Шунингдек, телеканал орқали Ўзбекистон туризм имкониятларини тарғиб қилишда “storytelling approach”, яъни ҳикоя орқали сўзлаб бериш ёндашуви илгари сурилди. Онлайн учрашувда юртимизни тасвирловчи 4 ҳикоя ва Nat Geo Photocamp (ёшлар орасида фотографлик кўникмаларини ошириш) лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Ушбу лойиҳаларни икки йил мобайнида амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, биринчи босқич 2021 йилнинг баҳор ойида ҳикоялар бўйича кўрсатувлар суратга олиш билан бошланиб, йил охирига келиб National Geographic’нинг барча платформаларда кенг омма эътиборига ҳавола қилинади. Лойиҳанинг иккинчи босқичида телевидение ва босма нашрларда Ўзбекистон туризмига оид материаллар бериб борилади.
Шунингдек ижтимоий тармоқлар орқали ҳам тарғибот ишларини олиб бориш белгиланди. Учрашув натижаларига кўра эришилган келишувлар асосида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан айни дамда мазкур лойиҳаларни молиялаштириш масалари кўриб чиқилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги