Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инвестициялар ва савдо соҳасида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2020-09-03 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Д.Розенблюм билан учрашув ўтказди.
Учрашувда инвестиция ва савдо соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий аҳамиятга молик қўшма ташаббусларни амалга ошириш доирасида ҳамкорликни кучайтириш орқали икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Америка компанияларининг Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ жорий масалалар ва республикада инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун йирик саноат гуруҳлари ва трансмиллий холдингларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг истиқболли механизмлари алоҳида кўриб чиқилди.
Шу нуқтаи назардан, томонлар инвестициявий ҳамкорлик салоҳиятининг юқорилигини таъкидлаб, сифатли лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш мақсадида АҚШ савдо ва тараққиёт агентлиги (USTDA) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази ўртасида яқин алоқаларни ўрнатишга келишиб олдилар.
Марказий Осиё ва Афғонистон мамлакатларининг иқтисодий ва инфратузилмавий ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ва АҚШнинг минтақавий ҳамкорликнинг кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳал этишдаги ёндашувларнинг бир хиллиги қайд этилди. Томонлар “C5+1” платформаси доирасида ҳамкорликда эришилган ютуқларни ижобий баҳолаб, “C5+1” Иқтисодий ишчи гуруҳининг бўлажак йиғилиши кун тартибидаги муайян масалаларни муҳокама қилдилар. Йиғилишни ўтказишдан мақсад – минтақа мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш ҳисобланади.
Шу йилнинг октябрь ойида Америка Қўшма Штатлари ва Марказий Осиё ўртасида савдо ва инвестиция бўйича доиравий Битимнинг (TIFA) виртуал ялпи мажлисини ўтказишнинг режалари кўриб чиқилди. Битим – божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, санитария ва фитосанитария назорати, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва электрон тижоратни ривожлантириш бўйича аниқ келишувларга эришиш учун самарали платформа ҳисобланади.
Шунингдек, АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (USDFC) билан транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш ва минтақа давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни биргаликда молиялаштиришни жадаллаштириш имкониятлари устида иш олиб борилди.
АҚШ ҳукуматига Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан коронавирус пандемиясининг тарқалишига қарши курашишда ўпкани сунъий шамоллатиш ускуналари (СШУ), ҳимоя аксессуарлари ҳамда лаборатория ва тиббий материалларни Ўзбекистонга жўнатиш шаклида кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган соҳаларда келгусидаги ҳамкорликка содиқлигини таъкидладилар ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги